Қизилтепада касб-ҳунарга ўқитиш маскани очилди
Бугунги кунда марказда 57 нафар ишсиз ёшлар ва фуқаролар ўқий бошлашди.
Мамлакатимизда эҳтиёжманд оилаларни камбағалликдан чиқариш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, доимий даромад манбаини яратиш мақсадида имтиёзли кредитлар асосида самарали лойиҳаларни амалга ошириш, касб-ҳунарга ўргатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 11 августидаги “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра жойларда аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ташкил этиш белгиланган.
Ушбу ҳуқуқий ҳужжат асосида ҳудудларда касб-ҳунарга ўқитиш масканлари барпо этилмоқда. Масалан, Қизилтепа туманининг Ванғози маҳалласида ҳам шундай маскан фаолият бошлади. Бу ерда тикувчилик, мебель ва ёғочга ишлов бериш, қурилиш ва пардозлаш ишлари каби касб-ҳунарларга ҳамда рус тилини ўргатиш йўлга қўйилди. Бугунги кунда марказда 57 нафар ишсиз ёшлар ва фуқаролар ўқий бошлашди.
Масканнинг очилиш маросимида вилоят прокурори Ш. Аминов, туман ҳокими Ш. Набиев, туман фаоллари иштирок этди. Рамзий лента шу ерда ўқишни бошлаган ёшлар томонидан қирқилиб, йиғилганлар ўқиш учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Айни вақтда бу масканда 12 та тикув машинкалари, мебель ва ёғочга ишлов беришда 100 га яқин турли дастгоҳ ва асбоб-ускуналар мавжуд. Келгусида марказда янги касблар бўйича ҳам ўқувлар йўлга қўйилиши режалаштирилган.

