Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, энди “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Саховат ва кўмак” жамғармалари орқали бериладиган ёрдамлар фақат дафтарга киритилганларга эмас, балки эҳтиёжманд оилаларга ҳам тақдим этилади.
Олдинги амалиётда “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Саховот ва кўмак” жамғармалари орқали ёрдамлар фақат шу дафтарларга киритилган фуқароларга берилган. Эҳтиёжманд бўлсада, мазкур дафтарга киритилмаган фуқаролар тегишли ёрдам турларидан фойдалана олмаган.
Қайд этилишича, уй-жой шароитини яхшилаш ва соғлиғини сақлаш бўйича ёрдамлар даромади кам бўлган оилаларга ҳам берилиши мумкин. Ёрдамлар рақамлаштирилган тизим орқали — “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ва “Статистика” ахборот тизимлари асосида адолатли тақсимланади.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 23 июлдаги "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари" ва "Саховат ва кўмак" жамғармалари маблағлари ҳисобидан ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига кўра, 2025 йил 15 августгача "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя тизими" ахборот тизими орқали "Саховат ва кўмак" жамғармаси маблағлари ҳисобидан ваучер асосида ёрдам кўрсатиш тизимини жорий этиш режалаштирилган.
Шунингдек, ҳужжат билан Вазирлар Маҳкамасининг "Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига ўзгартириш киритилди. Унга кўра, "Аёллар дафтари" жамғармасидан ҳар бир уйни таъмирлаш учун БҲМнинг 50 бараваригача (амалдаги 30 БҲМ ўрнига) маблағ ажратилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА