Ижтимоий хизматлар юзасидан тренинг
Термизда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан “Ижтимоий хизматларни кўрсатишда ижтимоий иш амалиётини қўллаш ва кейс-менежмент асослари” мавзуига бағишланган тренинг машғулотлари ўтказилди.
Унда Термиз шаҳри, Термиз, Музработ, Узун туманлари маҳаллаларидаги ҳоким ёрдамчилари, хотин-қизлар фаоллари, ёшлар етакчилари, профилактика инспекторлари, ижтимоий ходимлар ва патронаж ҳамширалар иштирок этди.

Президентимиз жорий йилнинг 16-17 ноябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида маҳаллабай ишлаш тизими фаолияти юзасидан сектор раҳбарларининг ахборотини тинглаб, “еттилик” ишини намунали йўлга қўйиш бўйича тегишли вазифаларни белгилаб берган эди. Мазкур тренинг машғулотларида ҳам “маҳалла еттилиги” фаолиятини самарали ташкил этиш, уларнинг вазифа ва мажбуриятларини тушунтириш, барча ишларни намунали йўлга қўйиш ҳамда келгусида амалга ошириладиган чора-тадбирлар ҳақида атрофлича фикр алмашилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтириш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Бу жараёнда жойларда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари фаолияти йўлга қўйилгани инсон манфаатлари устуворлигига қаратилаётган юксак эътиборнинг амалдаги ифодаси экани хусусида сўз юритилди.


Уч кун давом этган машғулотларда тажрибали мутахассислар оилалар ва болаларга ижтимоий хизматлар кўрсатилишида ижтимоий иш ва кейс-менежмент амалиётини қўллаб, ижтимоий ходим билан ҳамкорлик қилиш бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлайдиган машғулотлар ўтказди ва уларни ўзларига бириктирилган маҳаллаларда жорий этиш тавсия қилинди.Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири