Ижтимоий хизматлар қамрови кенгайиб бормоқда
Ҳар бир депутат уни вакил қилиб сайлаган халқнинг, сайловчиларнинг муаммоларини, уларни қийнаётган, ўйлантираётган масалаларини ўрганиши, ҳал этишга кўмаклашиши, бунинг учун халқ билан доимий мулоқотда бўлиши лозим. Ҳудудларда депутатлар иштироки ва ташаббуси билан ҳал этилиши мумкин бўлган масалалар кам эмас.
Муҳими, депутатларнинг уларга нисбатан масъулияти, эътибори ва ташаббускорлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Қолаверса, халқ вакилларининг сайловчилар билан мулоқоти ва жойлардаги ўрганишлари юртимиздаги ислоҳотларнинг амалда қандай натижа кўрсатаётгани билан яқиндан танишиш имконини ҳам беради.

Парламент қуйи палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Фирдавс Шарипов бошчилигидаги ишчи гуруҳ пойтахтимизнинг Сергели туманидаги Инсон ижтимоий хизматлар маркази, махсус мактабгача таълим ташкилоти ҳамда бир қатор маҳаллаларда ўрганиш ишларини олиб борди.
Ўрганишлар давомида таълим, ижтимоий ҳимоя, камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижалари таҳлил қилинди. Мавжуд муаммоларга эътибор қаратилиб, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Аниқланишича, жойларда амалга оширилаётган ижтимоий ислоҳотлар амалда ўз самарасини бермоқда. Жумладан, ижтимоий хизматлар қамрови кенгайиб, камбағал оилаларни рўйхатга олиш ва уларга ёрдам кўрсатиш тизими самарадорлиги ошгани ҳамда таълим соҳасида замонавий педагогик ёндашувлар босқичма-босқич жорий этилаётгани қайд этилди. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар натижасида қатор ижобий натижаларга эришилаётгани эътироф этилди.
М.Комилова,
ЎзА