Ижтимоий хизматлар кўрсатишга янгича ёндашув (+видео)
Фармон ва ижро
Президентимизнинг 2023 йил 1 июндаги “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан барча жойларда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда туман ва шаҳарларда эса “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ташкил этилди.
Мазкур янги тизим фаолиятини бошлагунга қадар Тошкент вилоятида жами ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли 197 минг нафарни ташкил этган эди. Ўтган даврда маҳалла билан агентликнинг ҳамкорлигида қайта хатлов ишлари амалга оширилиб, яна 8 минг 700 нафар шу тоифадаги шахс борлиги аниқланди ва 12 тоифага ажратилди. Улар орасида ёлғиз ва ўзгалар парваришига муҳтож кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, ота-оналари ажрашган ёки ажрашишга ариза топширган оилалар фарзандлари ҳам бор.
“Ягона ижтимоий ҳимоя реестри”да турувчи ижтимоий нафақа олувчи оилалар сони 2023 йилнинг 1 сентябрь ҳолатига 101,3 минг нафарни ташкил этган бўлса, ҳозирги кунда олиб борилган ишлар туфайли кўплаб оилаларнинг турмуш даражаси яхшиланди. Бунда нафақа олувчи оилаларни бандлик ва тадбиркорликка жалб қилиш орқали уларнинг даромади оширилмоқда. Шу билан бирга, “Маҳалла еттилиги” томонидан аниқланаётган айрим моддий аҳволи яхши оилалар вакиллари тарғибот ва тушунтириш ишлари натижасида ижтимоий нафақа олувчилар рўйхатидан чиқарилмоқда. Маълумотларга кўра, вилоятда ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз ҳамда ёлғиз яшайдиган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар 1 минг 662 нафарни ташкил этади.
–Охирги пайтларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларга бу борада сифатли хизмат кўрсатиш тизимини самарали ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йил февраль ойидан агентлик тасарруфидаги кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун санаторияларга йўлланма учун навбатга олиш янги “ИҲМА Санаторий” модули орқали амалга оширилмоқда, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Сардорбек Эргашев. – Айнан мазкур тизим ишга туширилгандан сўнг 9 минг 643 нафар шахснинг санаторияларга бориш навбати тартибга солинди.
Яқинда Президентимиз раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги хизматлар қамровини янада кенгайтириш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Хусусан, ногиронлиги бўлган сайёҳлар учун қулай инфратузилма яратиш бўйича тасдиқланган “тўсиқсиз туризм” дастурини самарали амалга ошириш лозимлиги бўйича масъулларга топшириқ берилди. Шу бўйича ҳар йили “Саёҳат барча учун!” лойиҳаси доирасида вилоятда 69 мингдан зиёд ногиронлиги бўлган шахслар учун республиканинг туризм салоҳияти юқори бўлган шаҳарларига бепул саёҳатлар ташкил этилади.
Эндиликда Зангиота туманида жойлашган “Зангиота зиёратгоҳи”, Бўстонлиқ ва Паркент туманларидаги туризм манзилларида имконияти чекланган шахсларга қулай муҳит яратиш режаси тузилган. Бунда биринчи галда ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўсиқсиз ҳаракатланиши учун маданий мерос объектларида уларга шикаст етказмаган ҳолда пандус, плинтус ва лифтлар ҳамда кўзи ожизлар учун объектларнинг кичрайтирилган ўлчамдаги макетлари ўрнатилади. Улар тўғрисида Брайль алифбосида маълумотлар жойлаштирилади. Шу орқали уларнинг маданият ва тарихий билимларини ошириш, жамиятга мослашувини таъминлашга эришилади.
<iframe width="990" height="557" src="https://www.youtube.com/embed/-WSlTWRFdAI" title="Ijtimoiy xizmatlar koʻrsatishga yangicha yondashuv" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Бундан ташқари, аҳолига давлат томонидан кафолатланган ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар бўйича, шунингдек, аҳолининг мазкур хизматларни олишга бўлган ҳуқуқлари бўйича тушунтириш бериш борасида ҳам самарали ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, тажриба тариқасида танлаб олинган Янгийўл ва Тошкент туманларида ўтган йилдан бошлаб аҳолига “маҳаллабай” ижтимоий хизмат кўрсатиш бошланди. Бу жараёнда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари билан индивидуал ишлаш бўйича 310 та “КЕЙС” муаммолар базаси шакллантирилди.
[gallery-16170]
А.Мусаев, Д.Эрназаров (сурат, видео), ЎзА мухбирлари