Айни вақтда ижтимоий тармоқлар сиёсий онг ва маданиятни шакллантиришда катта аҳамият касб этмоқда.
Бу жараён ҳаётимизда ўз аксини топмоқда. Масалан, ижтимоий тармоқлар нафақат ёшларнинг асосий вақтини ўтказувчи, балки оммавий ахборот воситаларининг ўрнини босувчи воситага айланди. Энди одамлар бирор воқеа содир бўлса, ушбу хабарни интернет орқали анъанавий ОАВда эълон қилинмасидан олдин олмоқда.
XXI асрда маънавий, мафкуравий ва ахборот омилларининг таъсир кучи моддий ва молиявий ресурсларга нисбатан кўпроқ кўзга ташланмоқда. Ушбу жараёнда шу пайтгача асосий ролни ОАВ бажарган бўлса, бугун бу вазифани ижтимоий тармоқлар тўлақонли равишда бажариб келмоқда.
Аммо бир қанча ижобий томонлари билан бирга ижтимоий тармоқларнинг хавфли томонлари ҳам кун сайин ортиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан кенг жамоатчиликнинг қизиқишига сабаб бўлаётган, баъзи ўринларда ташвишга солаётган, инсон руҳияти, жамиятдаги ижтимоий-сиёсий ўзгаришларга ўзини етарлича таъсирини кўрсатаётган ижтимоий тармоқларнинг ривожланиши, айни пайтда дунё миқёсида оммалашуви ва албатта унинг салбий жиҳатлари алоҳида тадқиқ қилишни талаб этадиган масаладир.
Статистик маълумотларга кўра 2020 йилда Ўзбекистон аҳолисининг сони 34 миллиондан ортиқ бўлиб, интернет фойдаланувчиларнинг сони 22 миллионга етди. Уларнинг 85 фоизидан ортиғи ижтимоий тармоқлардан фойдаланади. Юқоридаги кўрсаткичлардан шуни хулоса қилиш мумкинки, бугунги кундаги ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари жуда катта аудиторияни ташкил этади.
Бугун дунёда жадал суръатлар билан ахборот урушлари кетмоқда. Бу урушдаги қурол ҳам, қалқон ҳам фақат ахборот, фақат маълумотдир. Ахборотлар макони эса интернетдир. Ижтимоий тармоқлар эса барча турдаги ахборотларни тарқатишнинг энг қулай воситачиси ҳисобланади. Чунки замонавий жамиятда ижтимоий тармоқлардан фойдаланишнинг асосий устунлиги мулоқот эркинлиги ҳисобланади.
Бунинг оқибатида ижтимоий тармоқлардан келаётган хавфлар бугун ҳар бир мамлакат учун глобал муаммога айланди. Шу нуқтаи назардан бир нарсани таъкидлаб ўтиш лозим. Ахборот хавфсизлиги, бугунги кунда миллий хавфсизликнинг муҳим бир қисмидир. Ижтимоий тармоқларни мутлақо назоратсиз қўйиш реал дунёда кўплаб бузғунчиликларни келтириб чиқармоқда.
Диний маълумотлар. Тармоқларда тарқалган, аммо жоиз бўлмаган «Агар мўмин бўлсанг, ушбу маълумотни тарқат!», «Агар Аллоҳни яхши кўрсанг, ушбу маълумотни тарқат!», «Агар ушбу маълумотни тарқатмасанг, гуноҳларинг сени бу ишдан тўхтатган бўлади!», «Агар ушбу маълумотни тарқатмасанг, оғир касалликка дучор бўласан!» каби иборалар шаклида учрайди.
Сиёсий маълумотлар. Ижтимоий тармоқларда турли сиёсий чақириқлар учрайдики, уларда сизга ўзингиз яшаб турган мамлакат сиёсатини нотўғри деб сингдиришга, амалдаги сиёсий тузумга қарши курашишга, унинг ўрнига диний ва аксинча, эски шўро тузумидаги давлат қуришга ҳамда давлатнинг сиёсий шахсларини обрўсизлантиришга уринувчи гуруҳларнинг мавжуд.
Оммавий маданият ҳақидаги маълумотлар. Ижтимоий тармоқларда оммавий маданият тарғиботи ҳам жуда фаол олиб борилади. Улар асосан видео ролик, электрон сурат ва қўшиқлар кўринишида бўлади. Уларда миллийлигимизга зид бўлган ёд ғоялар, бегона урф-одатлар, менталитетимизга мутлақо номуносиб маданиятлар ёшлар ғоясига сингдирилишига ҳаракат қилинади.
Оммавий маданиятнинг шахс эркинлиги ниқоби остида тарқалиши мамлакат ёшларининг ўз халқи урф-одатларининг йўқотилиши, миллийлигининг унутилиши, айниқса ўзбек халқига мос бўлган шарму ҳаёнинг, меҳр оқибатнинг, номус, шаън ва оилавий муносабатларнинг қадрсизланишига олиб келади.
Афсуски, бундай ҳолатларга юртимизда ҳам гувоҳ бўлмоқдамиз.
Миллатчилик ва маҳаллийчилик руҳидаги малумотлар. Миллатчилик ва маҳаллийчилик ғоялари ижтимоий тармоқларда жуда кўп учрайди. Улар асосан сўров тарзида ўтказилиб, қуйидагича саволлар қўйилади: «Миллатинг ким?», «Сенингча қайси миллат кучли?», «Қайси миллат кўпроқ?», «Қаердансан?».
Аввало миллат ва халқ тушунчаларини яхшилаб англаб олишимиз керак. Битта тил ва маданиятга эга бир этник гуруҳдаги одамлар бу миллатдир. Бир неча этник гуруҳлардан иборат, маълум яшаш ҳудудига эга, умумий бир тил ва умумлашган маданиятга эга одамлар эса халқдир.
Ўзбек халқи таркибига мамлакатимизда яшовчи ҳар бир миллат вакили киради, биз бирлашиб бир халқмиз. Бизнинг халқимиз учун эса миллатчилик деган тушунча мутлақо бегонадир. Шу кунгача халқимиз бирорта миллатга нисбатан ғаразлик қилмаган. Миллатчилик руҳи бизнинг мамлакатимизда учрамаса-да, тармоқлардаги бу каби ғоялар виртуал тарзда бўлса-да, фойдаланувчилар ўртасида низо келтириб чиқаради. Энг хавфлиси эса бу виртуаллик реалликка айланиб кетишидир.
Ахлоқсизлик, фаҳш, бузуқликни тарғиб қилувчи маълумотлар. Ахлоқсизлик, фаҳш, бузуқликни тарғиб қилувчи сайтлар ва уларнинг саҳифалари кенг ёйилгани ёш авлоднинг маънавий онгини бузишга олиб келади.
Ваҳимали маълумотлар. Ваҳимали маълумотлар интернет фойдаланувчилари ўртасида жуда тез тарқалади. Бу каби маълумотларда минтақавий ёки глобал миқёсда инсонлар ҳаётида кескин, қутқарилиб қолиш ўта мушкул ва ҳатто иложи йўқ бўлган воқелик бўлиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқатилади. Бундай миш-мишлардан мақсад маълум бир мамлакат ёки минтақа аҳолисида тарғибот орқали мамлакатда нотинчлик туғдириш ва моддий манфаатдорлик кўришдир.
Бугун дунёда сиёсий ва диний радикализм, экстремизм, қурол ва одам савдоси, терроризм, оғуфурушлик, этник ҳамда миллатлараро зиддиятлар ижтимоий тармоқлар орқали вужудга келаётганига бежиз алоҳида эътибор қаратилмаяпти.
Шу мавзу нуқтаи назаридан бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, ижтимоий тармоқларнинг мамлакат хавфсизлиги ва барқарорлигидаги роли ортиб бормоқда. Ливия, Миср, Украина, Сурия, каби мамлакатларда рўй берган мудҳиш воқеаларнинг бошланғич қўзғатувчи нуқтаси ижтимоий тармоқлар деб кўрсатилмоқда. Бу бежиз эмас, юқоридаги мамлакатлар ёшларига интернет орқали аввалига четдан туриб «демократия» қуришга кўмаклашувчи «холислар» ёшларда амалдаги тузумга нисбатан норозилик кайфиятини уйғотган.
Бундай муаммоларни бартараф этиш мақсадида фильтрларни қўллаш ва интернетдан фойдаланишни чеклаш доим ҳам кўзланган мақсадга олиб келмайди. Бу борада эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳат, аввало, ахборот тарқатишга мўлжалланган сайтлар фаолиятини такомиллаштириш, миллий электрон ахборот ресурсларимизни бойитиш ва миллий ижтимоий тармоқларни ривожлантириш зарур бўлади. Ҳозирда ғоявий, маънавий-маърифий, илмий, бадиий, спорт, ҳарбий-ватанпарварлик ва бошқа йўналишларда миллий ахборот ресурсларини ривожлантириш асосий талабга айланган. Чунки ахборот уммонида асосий объект инсон онги ҳисобланади. Агар фуқароларнинг ахборот эҳтиёжи қондирилмаса, у бошқа манба қидиради, уни бошқалар қондиради. Натижада ахборот олувчи интернетнинг салбий ахборотлар уммонига кириб қолиши мумкин.
Шунинг учун ҳам асосий ахборот манбаига айланиб бораётган ижтимоий тармоқларга катта эътибор қаратишимиз ва миллий ижтимоий тармоқларимизни ривожлантиришимиз зарур.
Ж.Асматуллаева,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети магистри