Ижтимоий соҳа объектлари қишга тайёрми?
Ҳадемай қиш. Бу эса нафақат тураржойларда, иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектларида иситиш билан боғлиқ жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.
Муаммоларнинг олдини олиш, қишни беталафот ўтказиш мақсадида Сирдарё вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари томонидан Сирдарёдаги ижтимоий соҳа объектларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ўрганилди.

Ўрганишлар натижасида мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига қарашли 517 та муассасада 552 та ҳолатда, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳудудий бошқармасига қарашли 19 та муассасада 264 та ҳолатда,Соғлиқни сақлаш бошқармасига қарашли 166 та муассасада 690 та ҳолатда камчиликлар аниқланиб, бартараф этилди.

Давлат тасарруфидаги объектларда ўтказилган текширувларда аниқланган ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш ҳолатлари юзасидан 107 нафар жавобгар шахсга маъмурий баённома расмийлаштирилди. Зудлик билан бартараф этилмаса ёнғин содир бўлишига олиб келиши мумкин бўлган 47 та бино ва иншоотнинг иш фаолияти вақтинчалик тўхтатилди, 98 та электр ускуна, мослама ва агрегатдан фойдаланиш тақиқланди.

Энг муҳими, аҳоли тураржойларида ва ижтимоий соҳа объектларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасидаги камчилик ва муаммолар бўйича вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларига 77 маротаба, юқори ташкилотларга 94 маротаба, ҳудудий газ таъминотига 41 маротаба, электр таъминоти идоралари ва бошқа тааллуқли идораларга 27 маротаба ахборотнома, маълумотнома ва тақдимномалар киритилди.
–Мақсад – куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш. Аниқланган муаммо ва камчиликлар маҳаллий ҳокимлик ва тегишли раҳбарлар иштирокидаги йиғилишларда муҳокама қилиниб, йўл қўйилаётган камчиликлар бартараф этилди. Айрим эътиборсиз раҳбар ходимларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган бўлса, айримларига огоҳлантириш берилди,–дейди Сирдарё вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати бошлиғи, капитан Давронбек Сулаймонов.

Бундан ташқари, Сирдарё вилоятида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида “Ўзэнергоинспекция” вилоят ҳудудий бошқармаси, “Ҳудудий электр тармоқлари” бозорлар ва савдо мажмуалари раҳбарлари билан биргаликда бозорлар ва савдо мажмуаларини электр энергияси билан таъминловчи трансформаторлар, электр тақсимлаш қутилари ҳамда истеъмолчиларга тортилган сим ва кабелларнинг истеъмол қувватига ва белгиланган талабларга мувофиқлиги ўрганилиб, сим ва кабель маҳсулотлари белгиланган тартибда синовдан ўтказилиб, шикастланган ҳимоя (изоляция) қатламини алмаштириш чоралари кўрилди. Бозорлар ва савдо мажмуаларида таом тайёрлаш мақсадида маиший газ баллонларидан фойдаланишнинг олдини олиш, вилоят ҳудудидаги хавфли ишлаб чиқариш объектларида, шу жумладан, газ тўлдириш шохобчалари ва пунктларида, автомобилларга ёқилғи қуйиш ва газ тўлдириш шохобчаларида саноат хавфсизлиги ва меҳнат муҳофазаси қоидаларига риоя қилиниши юзасидан ўрганишлар ўтказилди.
Иситиш мавсумида ёнғинлар, ис газидан заҳарланиш ёки ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида “хонадонбай” тартибда аҳоли ўртасида тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилиб, кўп хонадонли уй-жойлардаги электр, газ ва иссиқлик таъминоти қурилмалари, иситиш қозонлари, дудбуронлар ва шамоллатиш тизимларининг техник соз ҳолатдалиги ўрганилди.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири