Ижтимоий нафақалар фақат муҳтожларга берилади
Мамлакатимизда моддий таъминоти оғир ҳолатдаги киши ёки оила ҳеч қачон эътибордан четда қолмайди. Сўнгги йилларда “Инсон қадри учун” деган тамойил асосида кучли ижтимоий ҳимоя тизими шаклланди. Аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Муҳим янгиликлардан бири – соҳада рақамлаштириш жараёнига эътибор қаратилиб, инсон омилисиз эҳтиёжманд фуқарони ёки оилани аниқлайдиган янги тартиб амалга татбиқ этилди. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими томонидан айни чоғда ижтимоий нафақа учун ариза беришдан тортиб, нафақаларни тайинлаш ёки рад этиш жараёнларининг барчаси рақамли тизим асосида амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг 2020 йил 4 августда қабул қилинган “Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, Ижтимоий ҳимоя ягона реестрини жорий этишга киришилган ва бугунги кунда тизим самарали ишламоқда. Асосийси, кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам бериш жараёнлари тубдан соддалашди. Янги таҳрирдаги Конституцияда эълон қилинган “ижтимоий давлат” тамойилларини инобатга олган ҳолда, фуқароларнинг ижтимоий ҳимояга оид ҳуқуқларини ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш, аҳолига ижтимоий хизматларни кўрсатиш сифатини тубдан ошириш ҳамда мазкур соҳага илғор халқаро стандартларга асосланган мутлақо янги бошқарув тизимини жорий этиш борасида муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Кам таъминланган аёллар ҳамда уларнинг оила аъзоларига ижтимоий-иқтисодий ёрдамлар кўрсатиш мақсадида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими томонидан 18 ёшгача болалари бўлган оилаларга болалар нафақаси ҳамда болаларсиз ёки барча болалари 18 ёшдан катта оилаларга ва якка ёлғиз фуқароларга моддий ёрдам тайинланади.
Ҳозирги кунда кам таъминланган оилаларни “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали аниқлаш, уларга кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ҳамда тўлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 октябрдаги қарори билан тасдиқланган Кам таъминланган оилаларни “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали аниқлаш, уларга кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом талаблари асосида инсон омилисиз амалга оширилмоқда.
– Кам таъминланган эҳтиёжманд аёлларга қонунчиликка кўра, боласини ёлғиз тарбиялаётган ёлғиз оналар(оталар)га ҳамда никоҳи бекор қилинган аёлларга, расмий даромад манбаларига эга бўлмаган ва охирги бир йил мобайнида “Темир дафтар” рўйхатида бўлган оилаларга расмий даромад талаб этилмаслиги каби имтиёзлар белгиланган, – дейди Фарғона вилояти Пенсия жамғармаси бошқармаси бош мутахассиси Зарифахон Мамажонова. – Вилоятимизда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига жорий йилда фуқаролардан 404 минг 485 та ариза олинган бўлиб, шундан 202 минг 304 нафар кам таъминланган фуқарога болалар нафақаси тайинланиб, тўланиб келинмоқда.
Ижтимоий нафақаларнинг манзиллилигини ошириш ҳамда уни тайинлашда адолатни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ахборот тизими орқали кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга ижтимоий нафақалар тайинлаш бўйича электрон кўринишда ариза беришни жорий этиш тўғрисида” ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан ижтимоий нафақаларни тайинлаш мезонига бир қатор ўзгартиришлар киритилди.
Аввало, нафақа олувчиларнинг даромади ва мол-мулкини ҳар ойда электрон ахборот тизими орқали ўрганиш ҳамда кам таъминланганлик мезонларига тўғри келмайдиган оилаларни реестрдан чиқариш таклиф этилмоқда.
2024 йил 1 мартдан “маҳалла еттилиги” томонидан жойига чиққан ҳолда оиланинг номига расмийлаштирилмаган, бироқ фойдаланувида бўлган мол-мулклари ўрганилади. Ўрганиш натижалари дастурга киритилади ва ахборот тизими томонидан нафақа тўловини тўхтатиш ёки давом эттириш бўйича автоматик қарор қабул қилиш тизими жорий этилади. Шунингдек, бандлик органларига маслаҳат олиш учун мурожаат қилган ишсиз фуқаролар уч ой давомида касбга ўқимаса, ишсиз сифатида рўйхатга олинмаса ҳамда меҳнат фаолиятини расмийлаштирмаса, тўловни тўхтатиш таклиф этилмоқда.Кредит олган, хорижда ишлаётган, томорқа ёки деҳқон хўжалигини юритиш билан шуғулланувчи шахсларнинг солиқ органларида расмий рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги ҳамда Давлат персоналлаштириш марказининг электрон маълумотига асосан автоматик равишда бандлигини аниқлаш тартиби жорий этилмоқда. Эгалигида енгил автотранспорт воситасининг ишлаб чиқарилган муддати 12 йилгача бўлган оилаларга нафақа олишга чеклов белгиланмоқда.
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими нафақат ижтимоий хизматлар ва ёрдамнинг манзиллилигини ошириш имконияти, балки ҳар қандай мураккаб шароитда ҳам аҳолининг эҳтиёжманд қисмини қисқа муддатларда аниқлаш ва уларни давлат томонидан манзилли қўллаб-қувватлашнинг шаффоф ва самарали воситасига айланиб боряпти. Бу эса мамлакатимизда эҳтиёжманд оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир. Шу билан биргаликда боқимандаликнинг олдини олиш борасида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда.Жорий йил 1 октябрдан бошлаб “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тасарруфига ўтказилди. Эндиликда аҳолига кўрсатиладиган барча турдаги ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар, шу жумладан, кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдамлар бўйича аризалар “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими орқали қабул қилинади.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири.