Ижтимоий муҳофаза – муҳим масала
- Ўзим ишлаётган Акциядорлик тижорат “Халқ банки” Андижон вилояти Куйганёр филиали раҳбарияти томонидан меҳнат шартномам бекор қилиниб, ишдан бўшатилган эдим, - дейди мазкур филиал ходимаси Иродахон Турсунбоева.
– Ана шу иш юзасидан вилоят касаба уюмалари ташкилотлари бирлашмаси Юридик бўлими хамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилояти бўйича Меҳнат ҳуқуқ инспекторига мурожаат қилдим. Аризам ўрганиб чиқилиб, шартнома ноқонуний бекор қилинган, деб топилди ва мен ўз ишимга тикландим.
Мамлакатимиз Бош қомусининг 59-моддасида “Касаба уюшмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ва манфаатларини ифода этадилар ва ҳимоя қиладилар.” деб қатъий белгилаб қўйилган. Ана шу ҳужжатга кўра, юртимизда касба уюшмалари томонидан фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, мазкур йўналишда Андижон вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг олиб бораётган ишлари эътиборга молик.
- Айни кунда бирлашма тизимидаги 2 минг 441 та бошланғич ташкилотларга 344 минг нафарга яқини касаба уюшма аъзолари бирлашган, - дейди Андижон вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Қодиржон Парпиев. - Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида меҳнаткаш-ларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва интеллектуал манфаатларини ҳимоялаш, ижтимоий шерикликни ривожлантириш, аҳолининг бандлигини таъминлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш, фуқаролар маънавиятини юксалтириш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш борасида муайян ишлар олиб борилди.
Вилоят ҳокимлиги, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмаси ҳамда савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ўртасида 2020-2022 йилларга мўлжалланган ҳудудий Келишув ҳамда вилоят миқёсидаги бошқарма ва идоралар билан ана шу мақсадларга йўналтирилган 6 та қўшма қарор ва қатор тадбирлар имзоланиб, уларда белгиланган вазифаларнинг бажарилишига эришилди.
Бирлашманинг бўлимларига 2020 йилнинг 11 ойида фуқаролардан тушган меҳнат қонунчилигига оид 53 та ёзма, 5 та оғзаки, 15 та электрон, 61 та та “Ишонч телефони” орқали мурожаатлар қонунларда белгиланган тартиб ва муддатларда ўрганиб чиқилди. Хусусан, мурожаатларни ўрганиш жараёнида касаба уюшмаларининг аралашуви билан 350 нафар фуқароларнинг бузилган меҳнатга оид ҳуқуқлари тикланишига эришилган ҳамда мажбурий прогул вақтлари учун жами 179 млиллион 311 минг 459 сўм хақлари ундириб берилди. Шунингдек, 6 нафар фуқаронинг меҳнат шартномаси ноқонуний тарзда бекор қилинганлиги аниқланди ва улар ўз ишларига қайта тикланди. Мажбурий юрган прогуль вақтлари учун оладиган ҳақлари ундириб берилди. Бундан ташқари, моддий ёрдам ва сиҳатгоҳларга йўлланма сўраб мурожаат қилган 7 нафар фуқаронинг сўровлари қондирилди.
Бирлашма, унинг бўлимлари ҳамда туман, шаҳар касаба уюшмалари кенгашлари томонидан маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида, таълим муассасаларида Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуни ва бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ижросини таъминлаш, меҳнаткашлар учун қулай иш шароитларини яратиш, ишлаб чиқаришда жароҳат ва касб касалликларининг олдини олиш, ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини юксалтириш, меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси мавзуларида қатор суҳбатлар, учрашувлар ва семинарлар ўтказилганлиги мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этди.
Айниқса, коронавирус пандемияси муносабати билан тиббиёт ходимлари ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, кам таъминланган оилаларга кўмак бериш борасида эътиборпга молик ишлар олиб борилди.
Бирлашма долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларни муҳокама этиш, ижтимоий шерикчиликни ривожлантириш юзасидан вилоят ҳокимлиги, унинг бўлим ва бошқармалари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, банк-молия муассасалари, жамоат ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда олиб борган ишлар ҳам самарали бўлди. Ҳамкорликда ўтказилган йиғиллишларда қабул қилинган қарорлар, тавсиялар ижросини тўла таъминланганлиги эътиборга молик.
Жорий йилнинг ўтган даврида жамоа шартномаларини тузиш, уларнинг ижросини таъминлаш, корхоналарда “устоз-шогирд” тизимини ривожлантириш, иш ҳақи ва бошқа ижтимоий тўловларни ўз вақтида тўлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, умуман, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини янада кучайтириш борасидаги ишлар устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишга қаратилган 6 та вилоят семинарлари ўтказилди, жойларга чиқиб, 500 тадан ортиқ бошланғич касаба уюшма ташкилотига амалий ва услубий ёрдам кўрсатилди.
Айниқса, кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бирлашмада тадбиркорлар борасида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни олдини олиш мақсадида “Ишонч телефони”, ҳуқуқий ва меҳнат қонунчилиги бўйича ёртам кўрсатувчи Маслаҳати марказлари ташкил этилди. Ўтган давр маобайнида ишонч телефони орқали ва Маслаҳат марказига мурожаат қилган фуқароларга зарур ёрдамлар кўрсатилди.
Корхона ва ташкилотларда имзоланган жамоа шартномалари ва жамоа келишувлари ижросига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Вилоятдаги корхоналарда меҳнат қилаётган кам таъминланган оилаларнинг вакилларига моддий ёрдамлар кўрсатилди, шунингдек, кўплаб янги оила қурган ёшларга уй-жой қурилиши учун фоизсиз ссудалар берилди. Бундан ташқари, иш берувчилар томонидан камтаъминланган ва боқувчисини йўқотган оила вакилларининг фарзандларига дарсликлар харид қилиш ва ижара тўловини тўлаш, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабаларга контракт тўловининг маълум қисми тўлаб берилди.
Бундан ташқари, вилоятдаги турли соҳалар тасарруфидаги корхона ва муассасаларда меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар ички туризмни ривожлантириш мақсадида мамлакатимизнинг тарихий шаҳарларига саёҳатга юборилди.
Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги бу каби ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Бирлашма томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини ташкил этиш бўйича бошланғич ташкилотда белгиланган тартиблар доирасида ўрганишлар ўтказилди. Ўрганишлар жараёнида аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли тартибда тақдимномалар киритилди. Йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш учун амалий ва услубий ёрдамлар кўрсатилди.
Касаба уюшмалари фаолиятини яхшилаш, фуқаролар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида вилоятдаги қаторкорхона ва ташкилотлардаги “Маънавият ва маърифат” хоналарида “Касаба уюшма бурчаги” ташкил этилган. Уларга касаба уюшма фаолиятига оид зарур кўргазмали воситалар, муҳим ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қўйилган. Бундан ташқари, соҳа ишини янада ривожлантириш мақсадида турли кўрик-танловлар, фестиваллар, спорт муссобақаларининг ўтказилаётганлиги ҳам самарали натижалар бермоқда.
Бир сўз билан айтганда айтганда, бирлашма томонидан бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш учун давлат ва жамоат ташкилотлари, ўзини-ўзи бошқариш органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, умуман, кенг жамоатчилик билан ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Асосий мақсад, Бош қомусимизда белгиланганидек, меҳнаткашлар ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқаролар турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга қаратилган.
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА