Ижтимоий муаммолар жойида ҳал этилмоқда
Жорий йилнинг ўтган даврида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Сурхондарё вилояти бошқармаси ва “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари масъуллари ҳудудларда фуқаролар учун ўнга яқин сайёр қабул ўтказиб, мурожаатчилар дуч келган муаммоларни тинглади. Уларни ўйлантираётган масалаларни эшитиб, ечимини топиш йўлларини излади.
Сайёр қабулларда фуқаролардан 200 га яқин мурожаат қабул қилиниб, 70 дан ортиғи жойида ҳал этилди. 67 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилди. Вақт талаб этадиган мурожаатларни ҳал қилиш учун муддат белгиланиб, ижроси қатъий назоратга олинди.

Термиз шаҳридаги Гулистон маҳалласида бўлиб ўтган очиқ мулоқотда ҳам бошқарма бошлиғи Муҳиддин Тоғаев 40 га яқин фуқарони қабул қилди. Уларнинг 12 нафари бола пули ва ногиронлик нафақаси, олти нафари даволаниш, жарроҳлик амалиётини ўтказиш, тўрт нафари коммунал тўловлар учун компенсация, уч нафари моддий ёрдам, икки нафари уй-жойини таъмирлаш масаласида мурожаат этди. Шунингдек, фуқаролар васийлик, уй-жой, ногиронлик аравачаси ва ҳасса, протез воситаси билан таъминлаш, санаторийда соғлигини тиклаш, ногиронлик гуруҳини белгилаш ва ўзгартириш каби масалаларда ёрдам беришни сўради.

– Кўп қаватли уйда яшаймиз, – дейди Адолат Худойқулова. – Тўғрисини айтсам, 40 ёшдаги синглим биринчи гуруҳ ногирони. Уни кўчага олиб чиқишга қийналар эдик. Шу қабулга келиб, муаммони айтганимни биламанки, уйга қайтгач, ҳеч қанча вақт ўтмай хонадонимиз эшиги тақиллади. “Инсон” маркази ходимлари синглимга аравача олиб келишди. Масала бунчалик тез ҳал этилишини кутмаган эдим. Синглимнинг ҳам, менинг ҳам кўзимдан қувонч ёшлари оқди. Инсон қадри улуғланаётган давлатда яшаётганимиздан беҳад миннатдор бўлдик.

Вилоятда ташкил этилаётган сайёр қабулларда ихтисослаштирилган уйлар (ветеранлар, ёлғиз қариялар учун интернат уйлари, болалар уйлари ва бошқа махсус мақсадли уйлар)га жойлаштириш, ижтимоий таъминот ходимлари фаолияти, ўзгалар парваришига муҳтож болаларни парваришлаш нафақаси, ногиронлик пенцияси ва нафақасини ҳисоблаш, тайинлаш ва тўлаш, ижтимоий таъминот ва ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар, болалар уйлари ва бошқа махсус мақсадли уйларга жойлаштириш каби масалалар билан боғлиқ муаммолар ҳам кўндаланг қўйилмоқда. II гуруҳ ногирони, 16 ёшгача ногирон, парваришга муҳтож 80 ёшга тўлганларга қараб турганлиги юзасидан хулоса олиш, тиббий-меҳнат экспертизаси ва ногиронликни белгилаш, ижтимоий нафақа тайинлаш, даволанишга ордер олиш ва бошқа масалар билан мурожаат этилмоқда.

Жойларда ўтказилаётган юзма-юз мулоқотларда эҳтиёж сезилган фуқароларга психологик ва юридик хизмат ҳам кўрсатилмоқда.

Бу борада амалга оширилаётган барча ишлар ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган оилалар, меҳнатга лаёқатсиз аҳоли қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиб, уларнинг ҳаётидан рози бўлиб яшашига йўналтирилмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири