Ижтимоий муҳофаза – муҳим масала
– Қўрғонтепа тумани қишлоқ хўжалиги бўлимида ҳисобчи вазифасида ишлар эдим, – дейди Тўпахон Умарова. – Раҳбарият томонидан мен билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниб, ишдан бўшатилдим. Ана шу иш юзасидан вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасига мурожаат қилдим. Аризам ўрганиб чиқилиб, шартнома ноқонуний бекор қилинган, деб топилди, мен ўз ишимга тикландим.
– Қўрғонтепа тумани қишлоқ хўжалиги бўлимида ҳисобчи вазифасида ишлар эдим, – дейди Тўпахон Умарова. – Раҳбарият томонидан мен билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниб, ишдан бўшатилдим. Ана шу иш юзасидан вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасига мурожаат қилдим. Аризам ўрганиб чиқилиб, шартнома ноқонуний бекор қилинган, деб топилди, мен ўз ишимга тикландим.
Мамлакатимиз Бош қомусининг 59-моддасида “Касаба уюшмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ва манфаатларини ифода этадилар ва ҳимоя қиладилар. Касаба ташкилотларига аъзо бўлиш ихтиёрийдир.” деб қатъий белгилаб қўйилган. Ана шу ҳужжатга кўра, юртимизда касаба уюшмалари томонидан фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Андижон вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан мазкур йўналишда эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
– Айни кунда бирлашма тизимидаги 2 минг 400 га яқин бошланғич ташкилотларга 300 минг нафардан зиёд касаба уюшма аъзолари бирлашган, – дейди Андижон вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси ўринбосари Ҳамидулло Матисаев. – Жорий йилнинг ўтган даврида меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва интеллектуал манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий шерикликни ривожлантириш, аҳолининг бандлигини таъминлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш, фуқаролар маънавиятини юксалтириш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш борасида муайян ишлар олиб борилди.
Вилоятдаги меҳнат жамоалари билан ҳамкорликда ана шу мақсадларга йўналтирилган қатор қўшма қарор ва тадбирлар имзоланиб, уларда белгиланган вазифаларнинг бажарилишига эришилди.
Дарҳақиқат, бирлашма бўлимлари, туман ва шаҳар тузилмалари томонидан 2019 йилнинг ўтган даврида фуқаролардан тушган меҳнат қонунчилиги, ҳуқуқ ва манфаатларининг бузилишига оид ёзма, оғзаки, электрон ва ишонч телефонлари орқали тушган 175 та мурожаат қонунларда белгиланган тартиб ва муддатларда ўрганиб чиқилди.
Фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳимоя, меҳнат муҳофазаси, соғломлаштириш, моддий ёрдам, ижтимоий муносабатлар ва бошқа йўналишлардаги мурожаатлар амалдаги тартиблар доирасида ўрганиб чиқилган. Мурожаат қилган фуқароларнинг меҳнатга оид бузилган ҳуқуқлари тикланиб, уларга 59 миллион 683 минг сўм миқдоридаги ҳақлари ундириб берилди. Умуман, мурожаатларнинг 87 фоизи ижобий ҳал этилди.
Бирлашма долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларни муҳокама этиш, ижтимоий шерикчиликни ривожлантириш юзасидан вилоят ҳокимлиги, унинг бўлим ва бошқармалари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, банк-молия муассасалари, жамоат ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда олиб борган ишлар ҳам самарали бўлди.
Касаба уюшмалари фаолиятини яхшилаш, фуқаролар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида вилоятдаги корхона ва ташкилотлардаги “Маънавият ва маърифат” хоналарида “Касаба уюшма бурчаги” ташкил этилган. Уларга касаба уюшма фаолиятига оид зарур кўргазмали воситалар, муҳим ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қўйилган. Бундан ташқари, соҳа ишини янада ривожлантириш мақсадида турли кўрик-танловлар, фестиваллар, спорт мусобақаларининг ўтказилаётгани ҳам самарали натижа бермоқда.
Бирлашма томонидан бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш учун давлат ва жамоат ташкилотлари, ўзини-ўзи бошқариш органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, умуман, кенг жамоатчилик билан ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Асосий мақсад, Бош қомусимизда белгиланганидек, меҳнаткашлар ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқаролар турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга қаратилган.