Ижтимоий ҳимояда психологларнинг ўрни қандай?
Бугунги кунда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тасарруфидаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларида тажрибали психологлар фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг касбий билим-кўникмаларини ошириш, фаолиятида юзага келиши мумкин бўлган инқирозли вазиятларда қўллаб-қувватлаш муҳим вазифалардан биридир.
Давлатобод туманидаги “Ижтимоий қўллаб-қувватлаш” марказида замонавий методлар асосида ташкил этилган семинар-тренингда Наманган вилоятининг шаҳар, туман “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларининг бош мутахассислари иштирок этди. Юртимизда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Буни давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 1 июндаги “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилиниб, шу асосда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилгани мисолида ҳам кўриш мумкин.


Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг масъул ходими, психология фанлари бўйича фалсафа доктори Бобур Абдуллаев олиб борган мазкур тренингда ҳудудлардаги “Инсон” маркази психологлар гуруҳини аҳолига самарали хизмат кўрсатишини ташкил этиш масалалари хусусида сўз борди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳозирги даврда психологик хизматлар қанчалик узвий ва самарали ҳал қилинса, аҳолининг ижтимоийлашуви, одамлар билан муносабатлар, оилавий барқарорлик, яъни фарзандлар таълим-тарбия жараёнларига ўзаро боғлиқлигини кузатиш мумкин.



– Биз психологлар учун ўқув семинари уюштирилгани айни муддао бўлди. Боиси, ижтимоий ҳимоя тизимида ишлаш кадрлар учун оғир кечади, чунки дили ўксик кишилар билан бирга ишлаймиз, – дейди Чуст тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази бош мутахассиси Барно Солиева. – Тренингда “Замонавий психолог қандай бўлиши керак?”, “Психологик хизматлар қай усулда самарали йўлга қўйилади?”, “Ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли қатламлари билан ишлаш” борасидаги билим-кўникмаларимизни бойитиб олдик.
Келгусида мазкур йўналишдаги семинар-тренингни туманларда ҳам мунтазам равишда ташкил этиш режалаштирилган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.