Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Сирдарё вилоят бошқармаси ҳамда унинг қуйи бўғинлари томонидан аҳолининг турли қатламларини қўллаб-қувватлаш, тенг имкониятлар яратиш ва инсон қадрини юксалтиришга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Олиб борилаётган мақсадли ишлар натижасида 344 нафар ногиронлиги бўлган шахсга протез-ортопедия воситалари, 955 нафарига реабилитация техник жиҳозлари етказиб берилди. Шу билан бирга, 1 171 нафар ногиронлиги бўлган шахс иш билан таъминланди, 455 нафари адаптив спорт турларига жалб этилди, 244 нафар фуқаро эса реабилитация марказларида зарур хизматлардан фойдаланадиган бўлди.
Болаларни муҳофаза қилиш, улар учун оила муҳитини яратиш йўналишида ҳам бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Айни пайтда вилоятда 14 та оилавий болалар уйи фаолият юритмоқда. Мазкур тизим орқали 1 340 нафар бола васийликка, 751 нафари ҳомийликка, 105 нафари эса патронаж тартибида тарбияга топширилди. Шунингдек, 119 нафар ижтимоий ёрдамга муҳтож бола "Ёшларга ҳамроҳлик" дастури дастури орқали қўллаб-қувватланмоқда.

"Камбағалликдан фаровонлик сари" дастури асосида ўтказилган 33 488 та сўровнома натижасида 13 463 та оила камбағал деб эътироф этилди ва улар "Камбағал оилалар реестри"га киритилди. Ушбу оилаларга манзилли хизматлар кўрсатиш мақсадида индивидуал режалар ишлаб чиқилди.
–Жорий йил якунига қадар 73,7 мингта аризага хизмат кўрсатиш, 235 та мини-лойиҳани амалга ошириш, 2 774 нафар ногирон шахсни ишга жойлаштириш, 3 002 нафар фуқарони протез ва реабилитация воситалари билан таъминлаш, 1 596 нафарни адаптив спортга жалб этиш, шунингдек, 66 та инклюзив синф ташкил этиш режалаштирилган, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сирдарё вилоят бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Ҳожиакбар Останакулов.

Унинг таъкидлашича, ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилаётган ҳар бир ташаббуснинг марказида инсон қадри, унинг муносиб ва фаровон ҳаёт кечириш ҳуқуқини таъминлаш ғояси мужассам.
– Биз ҳар бир эҳтиёжманд фуқаронинг муаммосига ечим топиш, унинг жамиятда ўзининг муносиб ўрнини топишига кўмаклашишни ўз олдимизга асосий вазифа сифатида қўйганмиз, – дейди у.
Қувонарли жиҳати шундаки, соҳадаги мутахассислар ижтимоий инфратузилмани янада такомиллаштириш бўйича ҳам амалий чоралар кўрмоқда. Жумладан, Сирдарё туманида 305 нафар болани қамраб оладиган “Илк ривожланиш маркази”ни ташкил этиш, Гулистон шаҳрида “Кўп функцияли марказ” ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун реабилитация ва протезлаш марказини ишга тушириш, шунингдек, аёллар учун реабилитация шароитларини яратиш ва янги биносини мукаммал таъмирлаб фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири