“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида мамлакатимиз хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини, жамиятимизда тинчлик ва тотувликни таъминлаш, юртимиз мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларимизни ривожлантириш масалалари устувор йўналишлар этиб белгиланган.
Шу асосда бугун миллий армиямиз мамлакатимиз тараққиёти, тинчлиги ва барқарорлигининг ишончли кафолатига, чинакам жасорат ва матонат мактабига айланмоқда.
Айни дамда қўшинларнинг ҳарбий-илмий ва ишлаб чиқариш салоҳиятини кучайтириб, жанговар шайлигини ошириш, уларни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш, жанговар хизмат фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этиш баробарида, юрт ҳимоячилари ва уларнинг оила аъзолари ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасида ҳам амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар алоҳида эътирофга сазовор.
Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий қисм ва бўлинмаларида ҳам сарҳадларимиз посбонлари учун муносиб хизмат ва турмуш шароитларини яратиш борасида бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги бўлинма ҳарбийлари ва уларнинг оила аъзолари учун барпо этилган янги хизмат хонадонларини фойдаланишга топшириш маросими ҳам қувончли онлар ва унутилмас лаҳзаларга бой тарзда ўтди.
Карнай-сурнайлар садолари остида бошланиб, Бўстонлиқ тумани ҳокими ўринбосари ва “Нанай” маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари ҳамда ДХХ Чегара қўшинлари қўмондонлиги масъул офицерлари иштирок этган тантанали тадбирда сўз олганлар юрт ҳимоясини ўз бурчи деб билган Ватан посбонлари ушбу янги хонадонларда ўз оилалари билан тинч ва фаровон турмуш кечиришларини тиладилар.
Хонадон калитлари ўз соҳибларига топширилгач, рамзий ленталар кесилиб, меҳмонлар бу ерда яратилган шарт-шароит ва қулайликлар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.
Катта лейтенант Фахриддин Ҳосиловлар оиласи ҳам ана шундай бахтли оилалардан бири сифатида эндиликда янги, замонавий хизмат хонадонида истиқомат қиладиган бўлди.
– Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари – Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондони томонидан ҳарбий хизматчилар учун жуда катта имкониятлар яратиб берилмоқда. Биз жанговар-хизмат фаолиятимизни тоғли ҳудудда олиб борамиз. Албатта, бундай ҳудудларда давлат чегарасини қўриқлашнинг ўзига хосликлари бор. Ана шундай шароитда биз учун барча қулайликларга эга, кенг, ёруғ ва шинам хонадонларнинг қуриб берилиши кучимизга-куч, ғайратимизга-ғайрат қўшиб, бизни янада янги марралар сари руҳлантирмоқда. Ушбу хонадонда оиламиз билан бахтли ҳаёт кечириб, келажакда юртимиз равнақи учун ўз ҳиссасини қўшадиган баркамол авлодларни тарбиялаймиз, – дейди катта лейтенант Фахриддин Ҳосилов.
Шу куни шарафли касб соҳибларининг умр йўлдошлари қалбида кечган чексиз шодлик ва ҳаяжон ҳам уларнинг дил изҳорларида ўз ифодасини топди.
– Бугунги қувончли кунда ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларининг турмуш ўртоқлари сафида эканимдан фахрланган ҳолда шуни айтмоқчиманки, орзуйимдаги хонадон соҳибаси бўлганимдан жуда ҳам бахтиёрман. Бизга кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик ва эътибор учун барча чегарачиларнинг турмуш ўртоқлари номидан юртбошимизга ўзимнинг чуқур миннатдорчилигимни изҳор этаман, – дейди Дилафруз Ҳосилова.
Албатта, юрт ҳимоячилари учун яратилаётган бу каби шароитлар уларнинг кўнгил хотиржамлигига сабаб бўлиши билан бирга, зиммаларига катта масъулият ҳам юклаб, Ватанимиз сарҳадлари дахлсизлигини таъминлашда метин бардош ва мустаҳкам ирода соҳиблари бўлишларига ундаши, шубҳасиз.
Майор Фарида Бобожонова,
ДХХ Чегара қўшинлари