Ижтимоий ҳимоя: эришилган натижалар, келгуси режалар
Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев раислигида ҳудудда ижтимоий ҳимоя борасида қилинаётган ишлар сарҳисобига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда камбағалликка қарши курашиш, камбағал оилаларни аниқлаш ва уларга хизматлар кўрсатиш, камбағалликдан чиқариш бўйича қилинган ишлар танқидий таҳлил қилинди. Қайд этилганидек, жойларда камбағал оилаларни аниқлаш, уларни реестрга киритиб, фаол иш олиб бориш бўйича амалдаги тартиб ишга алоҳида масъулият билан ёндашишни тақозо қилади.

Хусусан, хатлов натижаларига кўра, камбағал деб ҳисобланаётган оилаларни ўрганиб, электрон платформага киритиш, оиланинг шарт-шароитига баҳо беришда тезкорлик етишмаяпти.
– Давлатимиз раҳбарининг бу борадаги юксак инсонпарварлик сиёсатини татбиқ этишда сусткашликка йўл қўймаслик, ёрдамга муҳтож оилани тезлик билан реестрга киритиб, амалий ёрдам беришни бошлаш зарур. Бу масалада сусткашликка йўл қўйганларнинг соҳада ишлашга ҳақи йўқ, – деди вилоят ҳокими Зойир Мирзаев.

Йиғилишда фаол ҳаётга қайтиш истагида бўлган ногиронлиги бўлган фуқаролар билан ишлаш, уларнинг орзу-мақсадларидан келиб чиқиб, шароит яратиш борасидаги устувор вазифалар кўриб чиқилди.
Жумладан, 2025 йил вилоятда 530 нафар аҳоли вакиллари адаптив спорт турларига жалб қилинади, 765 нафари касб-ҳунарга ўқитилади, меҳнатга лаёқатли 2 412 нафар фуқаро эса жисмоний имконияти чекланган шахсларга мослаштирилган иш билан таъминланади.

Шундан сўнг кун тартибидаги масала юзасидан масъулларнинг ахбороти эшитилди. Хусусан, 2025 йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар белгилаб олинди. Йиғилишда, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг ўринбосари Усмон Шарифхўжаев иштирок этди ва нутқ сўзлади.
А.Мусаев, ЎзА