Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.
Президентимиз раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектр йиғилишида ҳам бу борада мутасадди идоралар раҳбарларига қатор топшириқ ва вазифалар юклатилди. Хўш бу борада Бухоро вилоятида вазият қандай?
Юртимизда аҳолининг имконияти чекланган, ижтимоий ҳимоя муҳтож қатламини тўлақонли қамраб олиш, уларга кўрсатилаётган кўмак сифатини янги босқичга кўтариш масаласи ислоҳотлар негизини ташкил этмоқда. Фикримизни вилоятдаги Мурувват уйларида бу борада амалга оширилаётган ишлар мисолида давом эттирамиз.
Ногиронлиги бўлган аёллар Мурувват уйида ногиронлиги бор шахсларга хизмат кўрсатиб келинади. Масканда аёлларнинг билим олиши, ва касбий кўникма эгаллаши, меҳнат қилиш ёки спорт билан шуғулланиши учун барча шароит яратилган. Муассаса шифокор ва ҳамширалари томонидан васийликка олинганлар саломатлиги назорат қилиниб, ҳар йили 2 маротаба чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади. Аниқланган касалликлар режали равишда амбулатор ҳамда стационар тарзда соғломлаштирилади. Реабилитация соғломлаштириш тадбирларида физиотерапия, уқалаш, ЛФК ҳамширалари фаол иштирок этишади. Физиотерапия хонасида 14 турдаги замонавий аппаратлар ёрдамида соғломлаштириш ишлари олиб борилмоқда. 2023 йил давомида 15 та вилоят даражасидаги касалхонада 16 та жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, соғломлаштирилди.
–Муассасамизда ҳозирги кунда 305 нафар ногиронлиги бўлган 1-2 гуруҳ аёл истиқомат қилади, –дейди муассаса шифокори Меҳринисо Абдуллаева. –Асосан руҳиятида муаммолар бор хотин-қизлар билан ишлаймиз. Давлат томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифадагиларга катта эътибор қаратилмоқда. Муассасадаги хотин-қизларнинг бўш вақтини унумли ўтказиш мақсадида барча тўгараклар фаолият олиб бормоқда. Айниқса, аёлларимизнинг касб-ҳунарга қизиқишини кучайтириш, қизиқиши бор аёлларнинг янада ҳунарини ривожлантириш бўйича барча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, бир катта лойиҳани бошлаганмиз. Яъни аёлларимиз томонидан тайёрланган маҳсулотларни ярмаркалар орқали сотишни режалаштирганмиз.
Муассасада яшовчи ногиронлиги бўлган аёлларнинг қизиқишларига ва имкониятларига қараб турли касб- ҳунарга ўргатувчи тўгараклар фаолият юртимоқда. Тикувчилик, тўқувчилик, спортнинг шахмат, шашка, стол тенниси каби кўплаб турлари билан шуғулланиш, бўш вақтларидан унумли фойдаланиши учун кутубхоналар ташкиллаштириб, керакли адабиётлар билан таъминланган.
Ота- она меҳрига муҳтож, ногиронлиги бор болаларга ғамхўрлик қилиш масалаларида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бухородаги “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйи 2009 йилда ташкил топган бўлиб, 280 ўринга мўлжалланган. Айни кунда у ерда 276 та бола тарбияланмоқда. Муассасасада 430 га яқин ходим ишлайди. 15 нафар шифокор, 30 нафар хамшира, 100 га яқин педагог ходим фаолият юритади. Масканда барча шарт шароит яратилган бўлиб, алоҳида уқалаш, муолажа, ЛФК, физотерапия хоналари мавжуд.
–86 нафар эмакловчи, 52 нафар ётоқдаги болажонларимиз бор, –дейди муассаса шифокори Дилмурод Хўжаев. –Қолганлари юрадиган болалар ҳисобланади. Муассасада ётоқ, эмакловчи ва аралаш гурвуҳларимиз мавжуд. Бу гуруҳларда болажонларимиз тарбияланмоқда. Давлат томонидан барча шароит яратилган.
Тарбияланувчилар учун алохида машгулот, сенсор, ўйин хоналар, бундан ташқари, уларнинг бўш вақтларини унумли ўтказиш мақсадида 11 та тўгарак фаолият юритмоқда. Расм, тикиш- бичиш, спорт, мусиқа, рақс, комьпютер, тўқиш, каштачилик, сартарошлик, боғбончилик ошпазлик каби тўгаракларига ҳар бир бола имконияти ва иқтидоридан келиб чиқиб жалб қилинган. Мунтазам спорт билан шуғулланиши учун спорт зали ва байрам заллари мавжуд.
Мурувват болалар интернат уйининг асосий вазифаси тарбияланувчиларга ижтимоий хизмат кўрсатиш, соғломлаштириш ҳамда тиббий-педагогик хулоса асосида ривожланиши мураккаб кўп нуқсонли болалар билан таълимий-тарбиявий, коррекцион - ривожлантирувчи ишлар олиб боришдан иборат.
Таълим тарбия жараёни тарбияланувчиларнинг интеллектуал хусусиятлари, жисмоний ва ижодий қобилиятини ривожлантириш мақсадида кизикишларидан келиб чиқиб меҳнатга ўргатиш гуруҳлари ташкил килинган.
Масканда таълим- тарбия олаётган Бобуржон Шарипов мусиқа санъаътига қизиқади. Унинг иқтидори устозлари томнидан янада риввожлантирилмоқда.
–Устозларимиз яхши, бизларни жуда ҳам яхши кўради, –дейди тарбияланувчи Бобуржон Шарипов.
Таълим-тарбия жараёнида тарбиячи томонидан тўгри ташкил этилган амалий фаолият ёрдамида болаларнинг қобилиятлари ривожланади. Мустақил равишда яқин атроф муҳит ва уларнинг ўзаро боғлиқлиги ҳақидаги элементар тушунчаларга, мустақил ўйинларида меҳнатда ва маиший ҳаётда нутқ орқали физиологик эҳтиёжларини бошқара олиш, предметларнинг сифат ва сон жиҳатдан фарқланиши ҳақидаги тасаввурлари шаклланади. Нутқи ўсади, луғат бойлиги шаклланади, расм чизиш атроф муҳитга мўлжал олиш каби йўналишларга ўргатилади.
[gallery-16130]
Маълумот учун: “Мурувват” уйига 2024 йилнинг ўтган даври мобайнида 5 нафар бола қабул қилинган. 276 нафар тарбияланувчининг ҳар бирини ўз оиласи бағрига қайтариш мақсадида 2024 йил февраль ойидан ота-оналар билан суҳбат ўтказилиб, фарзандининг ўз оила даврасида тарбия олиши таклифи берилиб, ота-оналар билан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари.