Ижтимоий дорихоналар – аҳоли учун улкан имконият
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 февралдаги “Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори тизим фаолиятини тубдан яхшилаш ва дори ишлаб чиқаришни янада такомиллаштиришга кенг имкониятлар очиб беради.
Кейинги бир ярим йилда мамлакатимизда фармацевтика тармоғини ривожлантириш, дори воситалари ва тиббий буюмларнинг арзонлиги ва эркин муомаласини таъминлашга қаратилган ўндан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ташкил этилгани бу борадаги устувор вазифалар ижросини таъминлашда муҳим қадам бўлди.Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 февралдаги “Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори тизим фаолиятини тубдан яхшилаш ва дори ишлаб чиқаришни янада такомиллаштиришга кенг имкониятлар очиб беради.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашида бўлиб ўтган анжуман мазкур қарор ижроси, унинг мазмун-моҳияти ва аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ижтимоий дорихоналар тизимини яратиш масалаларига бағишланди.
Республика кенгаши раиси ўринбосари А.Мирзажонов, Ўзбекистон ногиронлар жамияти раиси К.Абдуллаев ва бошқалар давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори фармацевтика тармоғини тубдан ислоҳ қилиш, аҳоли ва тиббиёт муассасаларини арзон дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаб ўтди.
Тармоқда 2018 йилда ички имкониятлардан келиб чиқиб 1,5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Бу орқали фармацевтика саноатини жадал тараққий эттириш учун сармоялар жалб этишни фаоллаштириш ва ялпи ички маҳсулотда соҳа улушини оширишга эришиш кўзланган.
Шунингдек, аҳолига янада кенг имкониятлар яратиш мақсадида 2018-2019 йилларда давлат-хусусий шериклик асосида 2 мингта ижтимоий дорихонадан иборат тармоқ яратиш режалаштирилмоқда. Жумладан, Сурхондарё вилоятида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида 75 та ижтимоий дорихона қуриш бўйича ишлар бошланганини ҳам алоҳида таъкидламоқ зарур.
– Ҳудудимизда касалхона ва унинг атрофида 13 та дорихона бор, – деди Чилонзор туманидаги «Гавҳар» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шуҳрат Аҳмедов. – Уларда мавжуд дорилар бирмунча қиммат. Қарорда кўрсатилганидек, ижтимоий дорихоналарнинг ишга туширилиши аҳолига катта қулайлик яратади. Дорилар арзон бўлиши таъминланади.
Тадбирда ижтимоий эҳтиёжманд ва бориш қийин бўлган ҳудудларда яшайдиган фуқароларни ижтимоий аҳамиятга эга ва арзон дори воситалари билан таъминлаш бўйича ишларнинг ҳолатини пухта ўрганиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.