Ижро интизоми – ислоҳотлар гарови
Президентимизнинг 2021 йил 10 февралдаги “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармонига асосан, “Ижро интизоми – ислоҳотлар гарови” тамойилига асосланган янги тизим жорий қилинган.
Жумладан, Андижон вилояти адлия бошқармаси томонидан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан мунтазам равишда мониторинг ўтказилиши йўлга қўйилган. Мониторинг давомида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ёки етарли даражада бажарилмаганлик ҳолатлари аниқланиб, масъул ва мутасаддиларга тегишли тартибда таъсир чоралари қўлланилмоқда.
Агар фактларга эътибор қаратадиган бўлсак, бугунги кун ҳолатига Андижон вилояти ҳокимлигига жами 1 минг 219 Президент ҳужжатларида белгиланган 10 минг 114 топшириқ ижро учун келиб тушган. Ушбу топшириқларнинг 7 минг 884 таси бажарилган. Бироқ, шундан 1 минг 999 таси муддатидан кеч бажарилган, 28 таси эса бажарилмаган.
Президент топшириқлари ижросини назорат қилиш мақсадида ўтказилаётган мониторинг тадбирлари давомида Президент топшириғи ижросига масъул бўлган ходимлар томонидан айрим ҳолларда топшириқ мазмуни тўғри тушунилмаганлиги ёки унинг ижросига пухта тайёргарлик кўрилмаганлиги натижасида топшириқ ижроси белгиланган муддатда таъминланмаётганлиги маълум бўлмоқда.
Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 16 июндаги “Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида” ги қарори юзасидан ўтказилган мониторинг давомида юқоридаги каби ҳолатларга дуч келинди. Мазкур қарорнинг 3-иловасида тез тиббий ёрдам тизимида мавжуд автотранспорт воситалари паркини босқичма-босқич янгилаш режасига мувофиқ, Андижон вилоятида 2022 йилда 63 махсус автотранспорт воситаси харид қилиниши белгиланган. Аммо мониторинг жараёнида ушбу топшириқ ижроси бажарилмаганлиги, 2022 йилдаги мақсадли кўрсаткичга тўлиқ эришилмаганлиги, аниқроқ айтадиган бўлсак, топшириқ бор-йўғи 33 фоизга бажарилганлиги маълум бўлди.
Шунингдек, Президент топшириғининг мазкур иловасига кўра, 2023 йилда яна 37 махсус автотранспорт воситаси ва 2 йўл танламас автотранспорт харид қилиниши белгиланган бўлса-да, ўрганиш жараёнида бу каби автотранспортларни харид қилиш бўйича ҳеч қандай чоралар кўрилмаган.
Тез тиббий ёрдам автопарки тизимини янгилаш ишларини ортга суриб келинаётганлиги, албатта, аҳолига сифатли ва натижадор тез тиббий ёрдам кўрсатишда ўзининг салбий таъсирини кўрсатади. Республика тез тиббий ёрдам маркази Андижон вилояти филиалида айни пайтда 260 тез-тиббий ёрдам автомашинаси мавжуд. Аммо уларнинг аксарияти маънан эскирган ва беморларга ўз вақтида етиб бориш ва уларга тез тиббий ёрдам кўрсатиш ишини юқори ва замон талаблари даражасида олиб бориш имконини бермайди.
Қонунчилик талабларига кўра, махсус санитар автотранспорт воситаларидан фойдаланиш муддатлари шаҳар шароитида 8 йил, қишлоқ ва тоғли ҳудудларда 7 йил этиб белгиланган. Шунга қарамай, Андижон вилояти тез тиббий ёрдам тизимида ишлаб чиқарилганига 11 йилдан 19 йилгача бўлган 45 дан зиёд тез-тиббий ёрдам автомашиналаридан фойдаланиб келинмоқда. Қолаверса, вилоятда тизимни ягона тизимга бирлаштириш (Cалл-марказга) топшириғи бўйича кўзланган мақсадга ҳам эришилмаган. Жумладан, Андижон вилоятида 2023 йилнинг январь-май ойларида Cалл-марказларига 529 минг 903 ва алоҳида амблаторларга 22 минг 294 чақириқлар келиб тушган. Яъни, кунига ўртача 3 минг 681 мурожаат келиб тушмоқда. Аммо, ўрганиш давомида Cалл-марказ орқали келиб тушган чақирувларни қабул қилувчи планшетлар билан тез-тиббий ёрдам бригадалари таъминланмаган, қолаверса, мавжуд 245 планшет ҳам иш ҳолатда эмас.
Юқоридаги ҳолатлар тез тиббий ёрдам машиналарининг ўз вақтида етиб келмаслигига, тиббий ёрдамга муҳтож инсон ҳаётини сақлаб қолишни мураккаблаштиришига сабаб бўлиши мумкин. Бундан ташқари, ҳозиргача тез ёрдам автотранспорт воситаларига ГПС – трекерлар ва радиоалоқа воситалари ўрнатилган бўлсада уларни назорат қилувчи серверлар янгиланмаганлиги сабабли, мавжуд серверлар тизимдаги юкламани кўтара олмаяпти. Натижада, автомашиналарнинг ёқилғи сарфи, босиб ўтган масофаси ва унинг жойлашувини онлайн режимда назорат қилиш имконияти тўлиқ яратилмаган. Юқоридаги каби ҳолатларни бартараф этиш бўйича албатта, ваколатли идоралар ва мутасаддиларга тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Бир сўз билан айтганда, кенг қамровли ва катта ҳажмдаги ташкилий ишлар бажарилишини назарда тутувчи Президент топшириқлари ижросини ўз вақтида бажармаслик ортидан қатор муаммолар юзага келиши аниқ. Шу боис ҳам бу борада белгиланган ишларни ўз вақтида бажарилишига алоҳида эътибор қаратилиши муҳим.
Сарварбек Қобилжонов,
Андижон вилояти адлия бошқармасининг
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари
ижросини назорат қилиш шўъбаси бошлиғи
ЎзА