Шоир ва журналист, ташкилотчи қаламкаш Бойжигит Абдуллаевнинг 75 ёшлик юбилейи муносабати билан Сирдарё туманидаги "Бархан" дам олиш оромгоҳида тантанали тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Сирдарё, Жиззах ва Наманган вилоятларидан ташриф буюрган таниқли ва фахрий журналистлар иштирок этишди.
Бойжигит Абдуллаев ўз фаолиятини “Янги ҳаёт” газетасида мухбир сифатида бошлаб, кейинчалик Бахмал ва Боёвут туманлари газеталари таҳририятларида, Ширин шаҳар радиосида журналистик фаолият олиб борган. 1993 йилда “Сиҳат-саломатлик” газетасига бош муҳаррир сифатида тайинланган. 1994-2014 йилларда “Маърифат чашмаси” вилоят газетасида бош муҳаррир сифатида самарали ишлаб, маҳаллий матбуотда янги услуб ва мазмун шаклланишида муҳим роль ўйнади.

“Маърифат” республика газетасининг Сирдарёдаги мухбири, “Сайхун”, “Университет овози”, “Маърифат кўзгуси” вилоят нашрларида бош муҳаррир бўлган.
2018 йилдан буён эса Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими раиси лавозимида фаолият кўрсатмоқда. Унинг ташаббуси ва раҳбарлигида медиа-турлар, ижодий учрашувлар, тажриба алмашиш семинарлари, вилоят журналистларини касбий ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Юбилей тадбирида Бойжигит Абдуллаевнинг шеърий салоҳиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Унинг “Тоза руҳ”, “Тазарру манзили”, “Яшасин муҳаббат”, “Муҳаббат оҳанглари”, “Қисмат қўшиғи”, “Муҳаббат қўшиқлари” каби тўпламлари китобхонлар меҳрини қозонган.
Яқинда нашрдан чиққан “Тараннум” номли сайланма адабиёт ихлосмандлари учун туҳфа бўлди. Тадбир доирасида ушбу китобнинг тақдимоти ҳам ўтказилди.
Юбилей маросимида сўзга чиққанлар –Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов, уюшманинг Наманган вилоят бўлими раҳбари Носиржон Деҳқонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими раҳбари Норинисо Қосимова, жиззахлик журналист Абдужалол Қаюмов, “Адабиёт ва замон” газетаси бош муҳаррири Алишер Нурбоев, “Янги Сирдарё” газетаси бош муҳаррири Баҳром Боймуродов ва бошқалар Бойжигит Абдуллаевнинг ижодий ва ташкилотчилик фаолияти, матбуот ривожига қўшган ҳиссаси, инсон сифатидаги фазилатлари ҳақида самимий фикрлар билдиришди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири