Ижодкорларнинг ёшлар билан учрашуви
Навоий шаҳридаги 14-умумий ўрта таълим мактабида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими томонидан ижодий учрашув ташкил этилди.
Тадбирда уюшма вилоят бўлими раиси Отабек Аслонов, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, журналист ва шоира Ўралой Турдиева ва бошқалар сўзга чиқиб, журналистика соҳасининг ўзига хос жиҳатлари, мақсад ва вазифалари, касбга садоқат, бугунги кун медиа соҳасидаги жараёнлар ҳамда мутолаа маданияти ҳақида гапиришди.
Шунингдек, тадбирда назм ва насрда ижод қилишнинг ўзига хос услублари, бадиийлик, ифодали ўқиш санъати каби бадиий жараёнлар борасида сўз юритилиб, вилоят адабий муҳитида ёрқин из қолдирган Одил Ҳотамов, Шойим Шерназар, Абдуваҳоб Пирматов, Маҳмуд Мардиев, Улаш Нурманов каби таниқли устоз журналистлар ҳаёти ва ижоди, матбуот ривожида тутган ўрни ҳақида маълумотлар берилди.
[gallery-16404]
– Бугун мактабимизга Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси аъзолари ташриф буюрганидан жуда хурсанд бўлдик, – дейди 8-синф ўқувчиси Севинч Худойназарова. – Улар билан китобхонлик тарғиботи, юртимизда янги чоп этилаётган китоблар, ўзбек адабиёти намуналари ва жаҳон адабиёти дурдоналари тўғрисида суҳбатлашдик. Журналист-ижодкорларнинг ижод намуналари билан танишдик. Бугунги мулоқот мен каби ижодга қизиқувчи ёшларда катта таассурот қолдирди.
Адабий кечада мактабнинг ижодкор ёшлари ўз ижодий машқларидан намуналар ўқиб беришди.
Учрашувда ўқувчилар мақола, сценарий ва шеър ёзиш борасида ўзларини қизиқтирган саволларига журналистлардан жавоблар олишди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари