Маданият вазирлиги ва “Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатаси” ҳамкорлигида “Ижодкорларнинг муаллифлик ҳуқуқини таъминлаш” мавзусида давра суҳбати ва матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Маданият вазири Озодбек Назарбеков, халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтиришда, ватанпарвар, баркамол шахсни тарбиялашда улар маданиятини ошириш алоҳида аҳамият касб этмаётганини таъкидлади.
Маданият ва санъат вакилларининг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилишга эҳтиёж катталиги сезилмоқда. Шу боис ҳам мустақиллик йилларида интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш соҳасида мустаҳкам қонунчилик базаси шакллантирилди. Санъат ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланди. Бозор қонуниятларига мос бўлган янги муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тизими жорий этилди.
Шу билан бирга фуқароларнинг маданият ва санъат орқали янгича дунёқарашини шакллантириш, маънавий ҳаётини соғломлаштириш, ёш авлодни мусиқий тарбия воситасида ватанпарварлик руҳида тарбиялаш каби муҳим вазифаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 2 февралдаги “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Бундан кейин концерт-гастроль фаолиятида муаллифлик ҳуқуқига риоя этиш, оммавий концерт тадбирлари ўтказилишидан олдин ташкилотчилар муаллифлар ва ижрочилар мулкий ҳуқуқларини жамоавий асосда бошқарувчи ташкилот сифатида Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Палатасидан концерт-гастроль фаолиятида ижро этиладиган асарлар репертуар базасини тасдиқлатиб олиши талаб этилади. Бу тартибнинг жорий этилиши соҳага оид миллий қонунчилик ва халқаро-ҳуқуқий нормаларга риоя этиш орқали марказлашган ҳолда муаллифлар ва уларга тенглаштирилган бошқа ҳуқуқ эгаларининг мулкий ҳуқуқларини амалда таъминлаш, яъни уларга муаллифлик ва ижрочилик ҳақи тўлаш имконини беради.
Палатанинг асосий вазифаси – юртимизда муаллифлар ва ижрочилар, улар меросхўрларининг мулкий ҳуқуқларини жамоавий асосда бошқариш, ўз аъзоларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш, мамлакатимизда ва хорижий давлатларда уларга тегишли муаллифлик ҳақини йиғиш ва тақсимлаш, бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан иборат.
Тадбирда келгусида маданият ва санъат вакилларига муносиб ижтимоий-иқтисодий шароитлар яратиш, уларнинг муаллифлик ҳуқуқларига оид билимларни тарқатиш, жойларда асарлар ва ижролардан фойдаланишда жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш, давлатимизнинг соҳада олиб бораётган ислоҳотларига кўмаклашиш ҳақида ҳам атрофлича тўхталиб ўтилди.
Тадбир иштирокчилари келгусида таълим муассасаларида соҳага оид фанларни ўқитиш, муаллифлик ҳуқуқи соҳасида республикамиз зиммасига олган халқаро мажбуриятларини бажаришида кўмаклашиш, муаллифлар ҳамда ижрочиларга ҳурмат кўрсатиш ва уларнинг ҳуқуқлари бузилиши олдини олишда ҳамкорлик ишларини ташкил этишга келишиб олинди.
Юқоридаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини тўлиқ таъминлаш ҳамда маданият ва санъат соҳасида юртимиздаги ислоҳотларни жамоатчиликка атрофлича тушунтириш, санъат соҳасида муаллифлар ва ижрочилар ҳамда бошқа ҳуқуқ эгаларининг муаллифлик ва ижрочилик ҳуқуқларини таъминлаш, соҳада бозор қонуниятларини кенг жорий этиш ва шартномавий муносабатларни йўлга қўйишга тўғри келади.
Тадбирда оммавий ахборот воситалари ходимлари ва соҳа вакилларининг саволларига масъуллар томонидан батафсил жавоблар қайтарилди.
Н.Усмонова, ЎзА