Ижодкорлар ёшларга маърифат улашди
“Янги Ўзбекистон” университети ташаббуси билан Юқори Чирчиқ туманидаги умумтаълим мактабларида “Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида адиблар билан учрашувлар ўтказилди.
21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни арафасида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ботиржон Эргашев, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг “Ўзбекистон нашриёти”и бош муҳаррири, Муҳиддин Омон ҳамда ёзувчи Маъмура Зоҳидова қатнашди. Ижодкорларнинг дастлабки манзили ҳудуддаги 1-умумтаълим мактаби бўлди. Унда адабиёт ўқитувчилари, ўқувчилар иштирок этиб, устоз ижодкорнинг суҳбатлари ва шеърларидан баҳраманд бўлди.
Тадбирда ёшлар ўзларининг бадиий чиқишлари билан ижодкорларни хушнуд қилди. Она тилимизни улуғловчи шеърлар, жаранг сочган куй-қўшиқлар эса барчага завқ улашди. Шоирлар ҳам Ватанни, ёшликни мадҳ этувчи шеърларидан ўқиб берди. Ҳар бир адибнинг ижод йўли ҳақида тўхталиб, ёзган асарларидан парчалар ўқилди.
[gallery-19849]
Шунингдек, навбатдаги учрашув 2-умумтаълим мактабида бўлиб ўтди. Унда тадбир қатнашчилари барча ёшларни кўпроқ бадиий асарлар ўқиш ва билим олишга чорлади. Бугунги олинган билим келажак учун мустаҳкам пойдевор эканини айтилди.
– Ҳозир таълим даргоҳимизда ўзбек ва қозоқ тилларида 212 нафар ўқувчи таҳсил олади, – дейди 2-умумтаълим мактаби директори Айтекен Умирзавова. – Бу каби адабий суҳбат ёшларимиз дунёқарашини ошириб, ўз иқтидорини кўрсатишга ёрдам беради.
– Бу каби учрашувларимиздан кўзланган асосий мақсад ёшлар орасида китобхонликни оммалаштиришдир, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Маъмура Зоҳидова. – Улар қанча кўп билим олса дунёга бошқача нигоҳ билан қарайди ва шахсий ривожланишига эътибор қаратади. Шуни эътиборга олиб, биз каби адабиёт вакиллари ҳам уларга ўз тажрибамиз, ижодимизни кўрсатишдан доим хурсандмиз. Юқори Чирчиқ тумани ёшлари орасида ҳам санъатга, бадиий ижодга қизиқадиган ёшлар жуда кўп экан. Улар ёзган шеърлар, кичик ҳикоялар бунинг исботидир. Айнан улар келгусида адабиётимизга янги асарларни беради. “Маърифат улашиб” лойиҳаси эса бу жараёнда ҳудудлардаги ёшларимизни кашф қилмоқда.
Шунингдек, ижодкорлар 21-умумтаълим мактаби ўқувчилари билан ташкил этилган учрашувда ҳам иштирок этди.
А.Мусаев,А.Алижонов(сурат),ЎзА