Ижодкорлар боғи аҳоли хизматида
Тошкент вилоятида медиа ходимлари ва ижодкорлар боғи очилди. Тадбирда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев, Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов, фахрий журналистлар, матбуот, ахборот агентликлари, телевидение ва радио, интернет нашрларида фаолият кўрсатаётган соҳа ходимлари, блогер ва ёш ижодкорлар қатнашди.
Боғни ташкил этилиши ўтган йил ноябрь ойида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида бошланган эди. Кўкаламзорлаштириш учун ажратилган 6,8 гектар ер майдонида ҳудуд иқлим шароитига мос бўлган манзарали дарахт кўчатлари экилди. Рамзий лента қирқилиб, иштирокчилар бу ерда амалга оширилган ишлар билан танишди.
Шундан сўнг Қибрай туманида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири ўтказилди. Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилган тадбирга Зойир Мирзаев барча журналистларни табриклади. Қайд этилганидек, ҳудуд матбуоти қарийб бир асрлик шонли тарихга эга. Бу муҳташам пойдеворни буюк маърифатпарвар ва жадид бобокалонлар қўйган.
[gallery-18080]
Вилоятнинг илк матбуот нашри — "Шарқ ҳақиқати" номи билан 1928 йилнинг 11 декабрида чоп этилган. Орадан шунча йил ўтибдики, бу нашр бугун “Тошкент ҳақиқати” номи билан чоп этилиб, халқимизга зиё ва маърифат улашишда давом этмоқда.
Вилоят матбуоти ўзининг кўп йиллик тарихига эга. Ҳозир вилоятда 48 номда босма оммавий ахборот воситалари фаолият юритади, маҳаллий интернет нашрларининг умумий аудиторияси йил сайин ортмоқда. Умуман олганда, жорий йил ҳудуд журналистларининг ижодий фаолиятларида баракали ва самарали йил бўлди. Уларнинг заҳматли меҳнатлари алоҳида эътироф этилди. Жумладан, Президентимиз фармонига асосан соҳадаги самарали фаолияти учун Нурафшон шаҳри ва Ўрта Чирчиқ туманининг “Машъал” газетаси бош муҳаррири Толиб Ҳакимов “Дўстлик ордени билан тақдирланди. Бундай ютуқларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Байрам тадбирида вилоят қалам аҳли вакиллари, фахрийлар, соҳанинг етук намояндалари, устоз журналистларга фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Санъат усталари ва ижодкор ёшлар томонидан тайёрланган концерт дастури барчага байрамона кайфият улашди.
А.Мусаев,
А.Алижонов, ЎзА