Ижодкор ёшлар ўртасида танлов ўтказилди
Юртимизда маънавиятнинг ғоят муҳим ва узвий қисми бўлган адабиётни ривожлантириш, ёш шоир ва ёзувчиларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижод намуналарини кенг жамоатчиликка етказиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон халқаро ислом академиясида талаба-ёшларнинг назмий ва насрий асарлари бўйича танлов ўтказилди. Бу ҳақда академия матбуот хизмати маълумот бермоқда.
Ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар факультетининг Халқаро муносабатлар кафедраси ҳамда Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Aкадемия профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалар иштирок этди.
Мазкур академиянинг Халқаро муносабатлар кафедраси мудири, сиёсий фанлари доктори, профессор Зоҳидулло Мунавваров сўз санъати азалдан халқ қалбининг ифодачиси, ҳақиқат, адолат жарчиси бўлиб келганини таъкидлади.
Танловда адабиётга қизиқувчи, ўзи мутолаа қилган бадиий адабиётлардан тўлқинланиб, назм ва наср жанрларида ижод қилган ҳаваскор талаба-ёшлар ўз ижод намуналари билан қатнашди.
Шунингдек, Aкадемияда таҳсил олаётган хорижий талабаларнинг ҳам ўз она тилларидаги бадиий чиқишлари барчага манзур бўлди.
Танловда фаол иштирок этган талабаларга мутасаддилар томонидан эсдалик совғалар топширилди.