Ижодкор ёшлар билан учрашув
Бугунги кунда иқтидорли ёшларимиз орасида адабиётга, журналистика соҳасига қизиқувчи ёшлар кўпчиликни ташкил этади.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими томонидан таълим масканларидаги ижодкор ёшлар билан журналистлар иштирокида мунтазам равишда ижодий мулоқотлар ўтказилиб келинмоқда.
Уюшма вилоят бўлимининг навбатдаги давра суҳбати вилоят “Баркамол авлод” болалар мактабидаги тўгаракларда иштирок этувчи ижодкор ёшлар билан ташкил этилди. Унда бўлим раиси Отабек Аслонов, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, фахрий журналист Иброҳим Жумаев, бўлим мутахассиси Дилором Сармонова, ЎзАнинг вилоят бўйича фотомухбири Сирож Аслонов ҳамда ижод мактаби масъул ходимлари ва ижодга қизиқувчи ўқувчи-ёшлар иштирок этди.
[gallery-16809]
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раиси Отабек Аслонов, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, фахрий журналист Иброҳим Жумаев ва бошқалар ёшларга миллий журналистикамиз, хусусан, вилоят матбуоти тарихи ва бугунги кунда фаолият олиб бораётган босма нашрлар, оммавий ахборот воситалари ва медиа тизими, уларга яратилаётган имкониятлар ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек. фахрий журналистларнинг тажрибаси, газетачиликнинг жиҳатлари, сўз санъати, сўзни ишлатиш одоби, касб этикаси ва публицистик йўналишда мақола ва хабарлар тайёрлаш борасида қимматли фикрлар ўртага ташланди.
– Журналист бўлиш келажакдаги орзуим, – дейди тўгарак аъзоларидан бири Моҳинур Қаҳрамонова. – Бу касбнинг машаққатли ва масъулиятли жиҳатлари ҳақида ота-онамдан кўп эшитганман. Бугун мен журналистлар билан биринчи марта юзма-юз суҳбатда иштирок этаётганимдан жудаям хурсандман. Суҳбат давомида соҳа ҳақида янада кўпроқ маълумотларга ва ўзимни кўпдан қизиқтириб келаётган саволларга жавоб олдим.
Мазкур муассасада шеър, мақола ва кичик хабарлар ёзишга, табиатдан, атроф-муҳитдан илҳомланиб туйғуларини расмларда акс эттирувчи, ҳатто ҳикоялар ёзишга интилаётган ёшлар кўпчиликни ташкил этади.
Учрашув сўнггида фаол ўқувчиларга Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан китоблар тақдим этилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат),
ЎзА мухбирлари