Ижодкор ёшларнинг илк парвози
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва “Ижод” фонди томонидан “Биринчи китобим” лойиҳаси доирасида 22 ёш ижодкорнинг китоблари 10 минг нусхадан чоп этилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва “Ижод” фонди томонидан “Биринчи китобим” лойиҳаси доирасида 22 ёш ижодкорнинг китоблари 10 минг нусхадан чоп этилди.
Уюшма биносида мазкур китоблар тақдимоти ва ижодкорларга оқ йўл тилаш маросими бўлиб ўтди.
Таниқли шоир ва ёзувчилар, адабиётшунос олимлар, публицистлар, драматурглар, талаба-ёшлар ва Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ўқувчилари иштирокидаги тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон, публицист Аҳмаджон Мелибоев мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор ҳақида илиқ фикрлар билдирди. Ёш истеъдод эгаларига эркин ижод қилиши ва ўз сўзини айта олиши учун имконият яратилгани таъкидланди.
– Китобларни саралаш жараёнида адабиёт майдонида ўз сўзини айта олган, сермаҳсул қалам тебратаётган ёшларнинг ижодий ишларига алоҳида эътибор қаратдик, – деди “Шарқ юлдузи” журнали бош муҳаррири ўринбосари Азиз Саид. – Юзлаб ёшлар асарлари орасидан танлаб олинган бу ижодий ишлар, ишонамизки, адабиёт ихлосмандларининг юрагидан жой олади. Баъзиларнинг “Ўзбек адабиёти ўлди” деб кесатиб айтаётган гапларига жавобан “Бизнинг адабиётимиз ўлмайди“ деб айнан мана шу китобларни кўрсатишимиз мумкин.
– Ижодга кўнгил қўйган ҳар бир киши бирор ОАВда чиқиш қилгиси келади. Мен ҳам газета ва журналларда шеърим ёки мақолам чиқса осмонларда учиб юрардим. Ҳозир ишонмайсиз, “Ватан қуёши” номли илк китобим мени ундан ҳам баландларга юксалтирди. Энди тўлиб-тошиб ёзаман. Ватанимни бор овозим-ла, қаламимни кучи етгунча мадҳ этаман, – дейди Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабаси Ҳафиза Абдумаликова.
Тадбир сўнгида биринчи китоби чиққан ижодкорларга қалам ҳақи берилди.



