Гулистон давлат педагогика институтида Хивадаги Шерғозихон ва Қутлимурод иноқ мадрасаларида таҳсил олган, нафақат Қорақалпоқистонда, бутун минтақада халқчил шоир, етук муаллим ва устоз, моҳир хаттот сифатида шуҳрат қозонган Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллиги муносабати билан ижодий учрашув ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбарининг "Атоқли қорақалпоқ шоири ва мутафаккири Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарорига кўра бутун мамлакатимизда бундай тадбирлар ўтказилмоқда.

Халқимизнинг суюкли шоири ва мутафаккири таваллудининг 200 йиллигини нишонлаш ЮНЕСКОнинг халқаро юбилейлар режасига ҳам киритилган.

– Биламизки, Ажиниёз Қўсибой ўғли қорақалпоқ халқининг маънавий дунёси бойишига катта ҳисса қўшган буюк шахсдир,–деди ижодий учрашувни олиб борган институт ўқитувчиси Нуржан Байбулатов.–У қорақалпоқ адабиётида лирика, эпик поэзияни ривожлантириш билан бирга, айтишув жанрининг ҳам маҳоратли ижодкори ҳисобланади. Унинг "Қиз Менгеш" айтишуви шоирлар айтишувининг энг ёрқин намунасидир.


Ижодий учрашувда Ажиниёз Қўсибой ўғли, у қолдирган бой адабий мерос тўғрисида институт профессор-ўқитувчилари, ёзувчилар сўз юритган бўлса, қозоқ тили ва адабиёти йўналиши талабаси Фариза Нуржан қизи томонидан тайёрланган шоир ҳаёти ва ижоди ҳақидаги слайд эса ижодий учрашув иштирокчиларида катта таассурот қолдирди. Институт талабалари – Алписбаева Айнура Масет қизи, Индира Султонова томонидан ўқилган шоир ижодидан намуналар учрашувга кўтаринки руҳ бахш этди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири