Ижодий марафон ғолиблари тақдирланди
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Германия халқ университетлари ассоциациясининг Ўзбекистондаги филиали – DVV ҳамда Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида «Аҳолининг кўмакка муҳтож гуруҳларини қўллаб-қувватлашда давлат органлари ва фуқаролик жамиятининг биргаликдаги ҳаракати» мавзуидаги ижодий марафон ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда мамлакатимизда истиқомат қилувчи ўзбек ва русийзабон ёзувчи ва шоирлар иштирок этди. Танловга тақдим этилган ишлар ёзувчилар, адабиётшунослардан иборат ҳайъати томонидан кўриб чиқилди.

"Ушбу марафон 2 ой давом этди, – деди ёзувчи Рисолат Ҳайдарова. – Танловда ҳикоялари, эсселар ва шеърлари билан 30 нафардан ортиқ иштирокчининг ишлари кўрилди. Ҳайъат аъзоларига ҳар бир ижодий иш рақамланган ҳолда топширилди. Бу эса одилона баҳоланишга замин яратди. Бу жараёнда асарлар воқеаларида кутилмаган тақдирлар ва ечимларга гувоҳ бўлдик.

– Танловда «Ҳозирги одам ҳақида афсона» шеърим билан қатнашдим, – дейди 1-ўрин соҳиби Нуриддин Расулов. – Унда инсоннинг ички сийратига бўйлашга ҳаракат қилдим. Натижа ва ҳакамларнинг тўхтами эса мени чиндан ҳайратга солди. Тўғриси, кутмагандим ва бу қандайдир ўзгача фарах берди.
Марафон сўнгида ғолибларга диплом ва эсдалик совғалар топширилди.

Гулноза Бобоева, ЎзА