Ижодий имтиҳонлар шаффоф, адолатли ўтмоқда
Бухоро давлат университетида 2023-2024 ўқув йили учун бакалавр таълим йўналишларда касбий (ижодий) имтиҳонлар бўлиб ўтмоқда.
Имтиҳонлар БухДУ Ахборот ресурс маркази, кураш ҳамда бокс залларида бўлиб ўтмоқда. Имтиҳонлар бўлиб ўтадиган биноларда барча қулайликлар яратилган, керакли техник воситалар билан жиҳозланган, спорт заллари шай ҳолатга келтирилган.



– 2023-2024 ўқув йилида алоҳида иқтидор талаб этадиган 13 та таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрланади, – дейди Бухоро давлат университети Ўқув ишлари бўйича проректор Рустам Жумаев. – Бунда 9 та спорт, 2 та журналистика ва ахборот хизмати ҳамда 2 та санъат соҳаси бўйича кадрлар ўқитилади. Қабул квотамиз 450 нафардан ортиқ. Бугунги кунда университетимизда 1 минг 100 нафардан ортиқ абитуриентлар ҳужжат топширган бўлиб ижодий имтиҳонлар бошланди. Касбий ижодий имтиҳонларни ўтказиш учун университетимизда тайёргарлик ишлари бажарилди. Барча имтиҳон ўтказиладиган аудиториялар, спорт заллари, спорт майдонлари тўлиқ камералаштирилди. Вазирлигимиз махсус платформасига онлайн кузатиш учун имкониятлар яратилди. Ижодий имтиҳонларда абитуриентларнинг яқинлари, ота-оналар учун барча шароитлар яратилган бўлиб, имтиҳонларни шаффофлик адолатлилик билан ўтишини таъминлаш мақсадида кузатувлар ҳам олиб борилмоқда. Касбий ижодий имтиҳонларни ўтказиш учун республикамизнинг турли олий таълим муассасаларидан комиссия аъзолари таркиби шакллантирилган бўлиб, таркиб тўлиқ иштирок этмоқда. Имтиҳонлар давомида юзага келадиган муаммоларни бартараф этиш учун штаб ҳамда абитуриентларга тезкор жавоб бериш учун Call марказ ташкил этилган. Марказимиз ҳафтанинг 7 кунида ижодий имтиҳонларда фаолият кўрсатади ва имтиҳон бўлиб ўтадиган кунлардан олдин абитуриентлар телефон қўнғироқлари ҳамда смс хабарлар, университет расмий веб сайти орқали хабардор қилинмоқда. Ота-оналаримиз ижодий имтиҳонларни уйдан туриб интернет орқали кузатишлари мумкин.



Маълумот учун, Касбий (ижодий) имтиҳонлар жорий йилнинг 25 июлидан 30 июль кунига қадар Бухоро давлат университети ҳудудида бўлиб ўтади.
Зариф Комилов, ЎзА