Айни пайтда ушбу асар рус тилига таржима қилинаётир.
Болгариялик таниқли ёзувчи Мария Филипова Хаджининг Ўзбекистонга бағишланган "Тўртинчи устун" номли китоби нашрдан чиқди. Китоб болгар тилида Пловдив шаҳридаги "ИМЕОН" нашриётида чоп этилди. Ёзувчи ушбу асарини 2018 йили Ўзбекистонга сафаридан кейин ёза бошлаганди. Ўша йили у "Ўзбекистонда чет эллик ёзувчи ва рассомларнинг резиденцияси" мустақил дастурининг илк иштирокчиси бўлган.
Айни пайтда ушбу асар рус тилига таржима қилинаётир. Муаллиф китоб ўзбек ва инглиз тилларига ҳам таржима бўлишини жуда истайди.
"Халқ сўзи" газетасида ушбу китоб муаллифи билан суҳбат эълон қилинди. "Ўзбекистон ҳақида чексиз гапириш мумкин!" сарлавҳали мазкур материалда келтирилишича, асар бош қаҳрамони бутун ҳаёти давомида ота-боболари юрти бўлмиш Ўзбекистонга талпиниб яшайди, турмушидаги ҳар бир ишора уни Марказий Осиёга йўналтираверади. Асардаги кўп воқеа-ҳодисалар уйдирма эмас, айни ҳақиқатдир.
Мария Филипованинг ўндан ортиқ китоблари нашр этилган, асарлари чет тилларига, жумладан, ўзбек тилига ҳам ўгирилган. Хўш, Мария Филипова Хаджини бу романни ёзишга нима ундади? Муаллиф бу саволга шундай жавоб беради: Мақсад – Ўзбекистонни бутун дунёга бор бўйи билан кўрсатиш ва олам аҳлига бу сеҳрли диёр ҳақида ҳикоя қилиш!
... COVID-19 пандемияси олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини ташкиллаштириш ишларини тубдан ўзгартириб юборди. Кўпгина давлатларда бу жараён масофадан туриб, онлайн амалга оширилмоқда. Жорий йилда алоҳида иқтидор талаб қиладиган йўналишлар учун кириш имтиҳонлари ижодий имтиҳонлар тарзида ўтади. Ижодий имтиҳон таркибида нечта топшириқ бўлишидан қатъи назар, абитуриентлар бир кунда ҳаммасини топшириши керак. Имтиҳон олиш давомийлиги ҳам имкон даражасида қисқартирилади...
"Янги Ўзбекистон" газетасида чоп этилган "Ижодий имтиҳонлар тартибига ойдинлик киритилди" сарлавҳали материалда шу ҳақдаги янгиликлар билан танишасиз. Хусусан, мақолада ёзилишича, ижодий имтиҳон онлайн ўтказилмайди. Республика махсус комиссиясининг рухсатидан сўнг белгиланган кунда, карантин қоидаларига қатъий амал қилинган ҳолда бўлиб ўтиши кўзда тутилмоқда. Ота-оналар карантин туфайли институт ҳовлисига киритилмайди. Уларга муассаса ташқарисида жой тайёрланиб, имтиҳон жараёни онлайн трансляция қилиб борилади...
"Биржа" газетасида "Бизнеснинг ҳозирги ҳолати қандай?" номли материал босилган. Унда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази жорий йилнинг июль ойида корхоналар ўртасида сўровнинг навбатдаги босқичини ўтказгани ҳақида ахборот берилади. Мазкур сўровда республикамизнинг барча ҳудудларидан 1003 та корхона қатнашган. Унинг натижалари июль ойида ишбилармонлик муҳити, бизнеснинг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари ўртача пасайишда эканини кўрсатган.
Бироқ жорий кўрсаткичлар май ойи натижаларидан юқори бўлиб қолмоқда. Сўров натижаларига кўра, корхоналарнинг 30 фоизи бизнеснинг ҳозирги ҳолатини яхши, 47 фоизи қониқарли ва 23 фоизи ёмон деб баҳолаган...
''Умрни оқар дарёга қиёслашлари бежиз эмас, – дейилади "Спорт" газетасида берилган “Пахтакор-79”: ёдимизда, қалбимизда!" сарлавҳали мақолада. – Кунлар, ҳафталар, ойлар ва йиллар бир-бирини қувиб ўтаверади-ўтаверади. Болалар улғаяди, ёшлар кексаяди... Фақат марҳумларгина хотирада ўшандайлигича сақланиб қолади. Тошкентнинг “Пахтакор” жамоаси аъзоларидан 17 нафари жой олган самолёт 1979 йил 11 август санасида самода парчаланиб, халқимиз фахри бўлган йигитлар боқий дунёга йўл олганига ҳам 41 йил бўлибди. Материалда ушбу унутилмас жамоамиз аъзоларининг маҳорати, иқтидори ёдга олинади...
* * *
Янги рукн ва бугунги шарҳ ҳақидаги фикр, таклиф ва истакларингизни pochta@uza.uz манзилида кутиб қоламиз