Ижод ва фидойилик уйғунлиги
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жамият ҳаётида оммавий ахборот воситалари вакилларининг ўрни муҳим. Халқ ҳаётидаги воқеа-ҳодисаларни холис ёритиш, инсон тақдири ва ҳаёт ҳақиқатини кенг жамоатчиликка етказиш журналистдан юксак масъулият ва касбий маҳорат талаб этади. Ана шундай ижодкорлардан бири — тележурналист Зуҳра Рамазонова.
З. Рамазонова кўп йиллардан буён Бухоро вилояти телерадио соҳасида самарали фаолият юритиб келмоқда. У тайёрлаган «Файзли хонадон», «Дийдор», «Меҳр қолур», «Камолот сари», «Ассалом, Бухоро!», «Олтин ҳалқа», «Дўстлик ришталари» каби кўрсатувларда миллий қадриятлар, инсон тақдири, меҳр-оқибат ва бағрикенглик ғоялари кенг ёритилган.
[gallery-30052]
Ижодкорнинг кўрсатувларида инсон ҳаёти, миллий турмуш тарзи ва халқона қадриятлар ўз ифодасини топган. У қаҳрамонларининг ҳаёт йўли ва ички кечинмаларини таъсирчан тасвирлар ҳамда самимий мулоқотлар орқали очиб беришга алоҳида эътибор қаратади.
Зуҳра Рамазонова радио журналистикасида ҳам самарали меҳнат қилиб келмоқда. Унинг жонли радиоэшиттиришлари тингловчилар эътиборини қозонган. Касбий маҳорати ва кўп йиллик меҳнати эътироф этилиб, унга «Олий тоифали сухандон» мақоми берилган.
Журналист ёш кадрлар тайёрлашга ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Унинг ташаббуси билан вилоят телерадиокомпанияси ҳузурида ташкил этилган «Издош» бадиий ҳаваскорлик тўгарагида бугун юздан ортиқ иқтидорли ёшлар фаолият юритмоқда. Тўгарак аъзолари журналистика ва телерадио ижодкорлигининг амалий жиҳатларини бевосита устоздан ўрганмоқда.
З. Рамазонова 2010 йилда «Йилнинг энг фаол журналисти» танлови совриндори бўлган. 2018 йилда «Йилнинг энг яхши ижодкор аёли» сифатида эътироф этилган бўлса, 2020 йилда «Мўътабар аёл» унвони билан тақдирланган.
Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида фидойи журналистларнинг меҳнатини муносиб эътироф этиш, уларнинг жамият тараққиёти ва маънавий ҳаётимиздаги ўрнини қадрлаш муҳим аҳамият касб этади.
Тоҳир ИСТАТОВ(сурат),ЎзА