Ижод масканига ижодкор ташрифи
Гулистон шаҳри Ҳалима Худойбердиева номидаги Ижод мактабига Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси раиси, халқимизнинг ардоқли шоири Саъдулла Ҳакимов ташриф буюрди.
Гулистон шаҳри Ҳалима Худойбердиева номидаги Ижод мактабига Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси раиси, халқимизнинг ардоқли шоири Саъдулла Ҳакимов ташриф буюрди.
Ижод мактабининг ўқувчилари севимли шоиримиз М.Исмоиловнинг қаламига мансуб ижод мактаби мадҳиясини жўр овозда айтган ҳолда Саъдулла Ҳакимовни кутиб олишди.
Ёшлик қуёшининг зарлари тарқаб
Ҳаёт саҳнасига ёғилмоқда нур
Иқтидор заковат жавҳари сачраб
Миллат юрагидан сочилмоқда дур
Ижод масканига ижодкорнинг ташрифи мактаб ўқувчиларини беҳад қувонтирди ва мактаб ўқувчиси Бобожонов Неъматулла Ҳалима Худойбердиеванинг шеъридан намуналар ўқиб шоирни табриклади.
Саъдулла Ҳакимов Ҳалима Худойбердиева номидаги Ижод мактабига қадам қўйганимни ўзидаёқ қандайдир ҳаяжон мени чулғаб олди. Мана шундай муҳташам мактабда ўқиётган ўқувчилар юртимизнинг энг бахтли ёшлари деб бемалол айтиш мумкин. Ҳали бу маскандан кўплаб Ҳалимахонимдек шоиралар етишиб чиқади. Азиз ўғилларим қизларим, сизлар ўз олдингизга буюк мақсад қўйинглар. Юқори марраларни кўзлаган инсон албатта бирор-бир ютуққа эришади дея тўлқинланиб гапирди ва ўзининг Ҳалима Худойбердиевага бағишланган шеърини ўқувчилар эътиборига ҳавола этди.
Ижод мактаби жамоаси ва ўқувчилари шоирга ташрифи учун ташаккур айтиб ижод мактабида Саъдулла Ҳакимовни яна кутиб қолиш истаги борлигини билдиришди.
Ш.Мамадалева,
Ҳалима Худойбердиева номидаги
Ижод мактаби ўқитувчиси