Ижод мактабларининг 98 фоиз битирувчилари талаба бўлди
Барча абитуриентлар интиқ бўлиб кутган олий таълим муассасаларига топширилган тест натижалари эълон қилинди.
Қувонарли жиҳати, жорий йилда мактаб битирувчиларнинг аксарият қисми талабаликка қабул қилинган. Бу эса таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ва ўқитувчилар меҳнатининг самарасидир.
Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ижод мактаби битирувчилари ҳам юқори натижаларни забт этган. Бугунги кунда Агентлик тизимида 9 та ижод мактаби фаолият кўрсатмоқда. Улардан 6 тасини 2020/2021 ўқув йилида 160 ўқувчи битирди.
Агентлик матбуот хизматининг хабар беришича, Агентлик тизимидаги Нукус шаҳридаги И. Юсупов номидаги ижод мактаби, Марғилон шаҳридаги Э.Воҳидов номидаги ижод мактаби, Андижон шаҳрида жойлашган Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби, Наманган вилоятидаги Исҳоқхон Ибрат номидаги ижод мактаби, Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби, Жиззах вилоятидаги Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактабларини тамомлаган битирувчиларнинг 98 фоизи хорижий ва маҳаллий ОТМларга ўқишга киришга муваффақ бўлган. Жумладан, Исҳоқхон Ибрат номидаги ижод мактабининг 39 нафар битирувчисининг ҳаммаси маҳаллий ва хорижий олийгоҳлар талабаси (улардан 27 нафари маҳаллий, 12 нафари эса хорижий олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинган) бўлди. Агентлик тизимидаги қолган 3 та ижод мактабида 2020/2021 ўқув йилида битирувчи синфлар мавжуд эмас.
Файзулло Яҳёев, ЎзА