Фармон ва ижро
“2023 йил – Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да мамлакатимизда таълим сифатини оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Кейинги беш йил давомида таълим ва тарбия жараёнларини тартибга солиш борасида 105 та норматив ҳужжат, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2 та қонуни, Президентимизнинг 37 та фармон ва қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 66 та қарори қабул қилинди. Таълим сифатини ошириш мақсадида имзоланган ушбу муҳим ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида Жиззах вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи, сенатор Санобар Суяровага саволлар билан мурожаат қилдик.
– Аввало, асосий эътиборни Президентимизнинг жорий йил 28 февралдаги “2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашга қаратдик, –дейди С.Суярова. – Албатта, ўқитувчига, таълим-тарбияга бўлган эътибор тубдан ўзгармоқда. Педагоглар, тарбиячилар, ўқувчи-ёшлар ва, умуман, шу тизимга алоқадор барча мажбурий меҳнатдан буткул қутулди. Уларга иш фаолиятида фақат таълим ва тарбия билан шуғулланиши учун барча зарур шароит яратиб берилмоқда.
– Моддий манфатдорлик, нафақат ишлаб чиқаришда, балки таълим тизимида ҳам муҳим аҳамиятга эга.
–Тўғри айтасиз, кейинги йилларда ўқитувчиларнинг ойлик маоши икки баробарга оширилди ва қўшимча рағбатлантириш механизмлари жорий этилди. Бу, шубҳасиз, фарзандларимизга таълим-тарбия бериш сифатини оширишга хизмат қилади. Вилоятда 1 минг 420 та мактабгача таълим ташкилотидан ташқари, бошқарма тасарруфида 558 та умумий ўрта таълим мактаби, шу жумладан, 4 та махсус мактаб-интернат, 14 та “Баркамол авлод” болалар мактаби ва 1 та вилоят болалар кутубхонаси фаолият кўрсатмоқда. Умумий ўрта таълим мактабларида таълим олаётган 267 минг 450 нафар ўқувчига 22 минг 324 нафар ўқитувчи сабоқ бермоқда. Ана шу катта жамоанинг белгиланган талабларни бажарган асосий қисми ойлик маошлари сезиларли даражада кўтарилди.
– Эътибор қанчалик катта бўлса, талаб қилинадиган иш ҳам, масъулият ҳам шунга яраша бўлади. Бу эътиборнинг самараси қандай бўлмоқда?
– Сўнгги беш йилда вилоят бўйича умумий ўрта таълим мактаблари битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари 8,4 фоиздан 38,7 фоизга ошгани, таълимда амалга оширилаётган ислоҳотлар ўқитувчи меҳнатининг қадр топганидан далолат беради. Вилоятда 13 та ихтисосолаштирилган мактаб ва мактаб-интернати, Жиззах шаҳридаги Президент мактаби, Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги Ижод мактаби фаолият юритмоқда. Мазкур таълим муассасаларида таълим олаётган 4 минг 114 нафар ўқувчига 449 нафар энг иқтидорли ўқитувчи ҳамда беш нафар хорижий халқаро тоифадаги мутахассис таълим бермоқда. Президентимизнинг ташаббуси билан янги ўқув йилида ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш, уларга замонавий методларни ўргатиш мақсадида 11 нафар хорижий ўқитувчини жалб этиш режалаштирилган. Ҳозир “зўр класс” лойиҳаси доирасида 5 нафар россиялик малакали мутахассис жалб қилинган. Бундан ташқари, вилоятдаги барча мактабларга Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тажрибасини олиб кириш режалаштирилган ва бу борада ишлар тизимли амалга оширилмоқда.
– Ўқувчининг етук билим соҳиби бўлиши, ҳеч қандай ортиқча муаммоларга дуч келмай сифатли таълим бериши учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳам муҳим ўрин тутади.
– Бугунги кунда таълим муассасаларида ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши ва ўқитувчилар фаолият олиб бориши учун зарур шароит яратилмоқда. Жумладан, cўнгги йилларда Давлат дастурлари доирасида 252 та таълим муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Ушбу мақсадлар учун жами 519 миллиард 500 миллион сўм маблағ ажратилди. Жорий йилда дастурлар доирасида 29 та умумий ўрта таълим мактабида 79 миллиард 200 миллион сўмлик, 19 та мактабгача таълим ташкилотида 44 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Шунингдек, жорий йилда ўтказилган “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида 22 та таълим муассасада қурилиш-таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ишлари амалга оширилди.
Таълим муассасаларида ўқувчиларнинг илғор технологиялар асосида сифатли билим олиши учун вилоят ҳокимлиги томонидан 196 та умумий ўрта таълим мактабига 3 минг 72 дона энг замонавий компьютер техникаси етказиб берилди.
– Жорий йилнинг 20 январь куни Президентимиз раҳбарлигида ўтган йиғилишда мактабларда хорижий тиллар ва касб ўргатиш тизимини ривожлантириш масалалари муҳокама қилиниб, мутасаддилар зиммасига қатор вазифалар юклатилган эди. Ушбу вазифалар юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам гапирсангиз?
– Давлатимиз раҳбари ушбу йиғилишда ҳар бир мактаб ўқувчиси камида иккита хорижий тилни билиши ва битта касб-ҳунарга ўргатилишини вазифа қилиб белгилаганди. Янги ўқув йилидан вилоятда касб-ҳунарга ўргатиш амалиёти жорий этиладиган 13 ҳудуддаги 13 та умумтаълим мактабида маҳаллий ҳокимликлар томонидан тўлиқ жиҳозлаш ишлари олиб борилди ва ҳозир бу мактаблардаги ўқувчиларимиз ўз хоҳишларига кўра саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, касаначилик ва бошқа йўналишларда касб-ҳунарга ўргатилмоқда. Ушу амалиёт босқичма-босқич бошқа умумтаълим мактабларида ҳам амалга оширилади. Шунингдек, давлатимиз раҳбари топшириғи ва Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 майдаги “Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштиришни самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида барча мактабларга B2 сертификатини олган чет тили ўқитувчилари ишга қабул қилинди ва ўқувчиларининг хорижий тилни ўрганиш даражаси ортди.
Бугунги кунда вилоят миқёсидаги 558 та умумтаълим мактабида жами 1 минг 943 нафар чет тили ўқитувчиси, шу жумладан, 1 минг 902 нафар инглиз тили, 20 нафар немис тили ва 19 нафар француз тили ҳамда 2 нафар хитой тили ўқитувчиси фаолият олиб боради. Жами чет тили ўқитувчиларининг 904 (50%) нафари В2 ва C1 даражадаги ҳалқаро ва миллий чет тилини билиш сертификатга эга. Ўқувчиларнинг чет тилларни қанчалик ўзлаштирганларини билиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказиладиган “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловининг туман ва шаҳар босқичлари ўтказилди. Унда 1-ўрин сохиблари 100 миллион сўмдан, 2-ўрин 75 миллион сўмдан ва 3-ўринни эгаллаган ўқувчилар 50 миллион сўмдан пул мукофотлари билан тақдирланди. 2022-2023 ўқув йилида 11-синф битирувчиларидан 105 нафари IELTS халқаро сертификатига эга бўлди. Шу билан биргаликда 40 нафар битирувчи республика ва халқаро спорт мусобақаларида ғолибликни қўлга киритиб, олий таълим муассасаларига имтиёзли равишда тавсияномалар билан ўқишга қабул қилинди.
– Соҳада ютуқлар билан бирга муаммолар ҳам борми?
– Ютуқлар ўзимизники, улар билан фахрлансак арзийди. Лекин муаммоларни бартараф этиш улардан муҳимроқ, деб ўйлайман. Вилоят бўйича 1 минг 138 та бошланғич ва 1 минг 581 та юқори синф хонаси учун мебель (парта, доска, ўқитувчи стол ва стули, шкаф), 762 та физика, кимё ва биология лаборатория хоналари учун мебель, 371 та спорт заллари учун спорт инвентарлари эскирганлиги сабабли, янгилашга эҳтиёж мавжуд. Намунали лойиҳалар асосида қурилган уй-жойлар ҳамда аҳолининг кўчирилиши ҳисобига барпо этилган янги массивларда 29 та янги мактаб биноси қурилиши учун маблағ ажратилиши талаб этилмоқда.
150 та мактаб спорт залига эга эмас, 340 та мактабда фаоллар залига, 377 тасида ошхонага эҳтиёж бор. Атрофи тўлиқ ўралмаган мактаблар сони 66 та, технология хонаси мавжуд бўлмаган мактаблар сони 201 та, жами реконструкция ва таъмирга муҳтож мактаблар сони 206 та.
Йиллар давомида йиғилиб келаётган муаммоларни 5-6 йилда бирданига ҳал этиб бўлмайди, албатта. Лекин, муҳими, бу муаммолар босқичма-босқич бартараф этилмоқда.
ЎзА мухбири Абдужалол Қаюмов
суҳбатлашди.