Избосканда 5 та маҳалла янги бинода иш бошлади
Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида Андижон вилояти Избоскан туманидаги қатор маҳалла фуқаролар йиғинларининг янги бинолари фойдаланишга топширилди.
Туман сектор раҳбарлари, вилоят ҳокимининг ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи М. Нишонов, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида Ўртақишлоқ маҳалласининг янги идораси очилишига бағишланган тадбирда кейинги йилларда мамлакатимизда маҳалла тизимига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, маҳалла фуқаролар йиғинлари учун мослаштирилган янги бинолар барпо этилиб, самарали фаолият олиб бориш учун зарур шароит яратилаётганлиги таъкидланди.
[gallery-3083]
Маҳалла фуқаролар йиғини идораси давлат шерикчилиги асосида тадбиркор Азизбек Ҳайитов томонидан барпо этилиб, зарур барча жиҳозлар билан таъминланди. Қурилиш, жиҳозлаш ишлари учун 2,5 миллиард сўм маблағ сарфланди.
–Аввал 3 минг нафардан зиёд аҳоли яшайдиган маҳалламизнинг алоҳида биноси йўқ эди, – дейди Избоскан туманидаги Ўртақишлоқ МФЙ раиси Моҳирахон Сатторова. – Ҳукуматимизнинг эътибори, туман ҳокимининг кўмаги билан маҳалла идораси учун янги бино қуриб берилганидан жуда хурсандмиз. Раис, ўринбосарлари, профилактика инспектори учун алоҳида-алоҳида хоналар, йиғилиш зали мавжуд бўлган бинода самарали фаолият юритиш учун зарур барча шароитлар яратилган.
Маҳалла кўркига кўрк бўлган икки қаватли янги бинода, шунингдек, аптека, дўкон, сартарошхона, гўзаллик салони, тиббий-диагиностика муассасаси ташкил этилиб, 25 та янги иш ўрни яратилади. Энг муҳими, мазкур хизмат кўрсатиш объектларининг ишга тушиши билан маҳалла аҳолисига қатор қулайликлар яратилади.
Тадбир иштирокчилари янги бинода яратилган шароитлар билан танишди. Туман ҳокимлиги, Маҳалла ва оила бўлими томонидан маҳалла идорасига компьютер жамламаси топширилди.
Бу каби бинолар тумандаги Урганжи, Янги Бўстонобод, Навжур ва Тўраобод маҳаллаларида ҳам барпо этилиб, фойдаланишга топширилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА