Қийноқларнинг олдини олиш масаласи муҳокамада
Парламент қуйи палатасида “Миллий превентив механизм доирасида қийноқларнинг олдини олиш бўйича ҳуқуқий базани такомиллаштиришда парламентнинг роли” мавзусида халқаро онлайн-семинар бўлиб ўтди.
Парламент қуйи палатасида “Миллий превентив механизм доирасида қийноқларнинг олдини олиш бўйича ҳуқуқий базани такомиллаштиришда парламентнинг роли” мавзусида халқаро онлайн-семинар бўлиб ўтди.
Тадбир Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Парламентлараро Иттифоқ, Ўзбекистон Республикасининг Женева шаҳридаги БМТ бўлинмаси, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан ҳамкорликда ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси БМТнинг Қийноқларга қарши Конвенциясини 1995 йилда ратификация қилган. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида, шу жумладан, қийноқларга йўл қўймаслик ва тарқалишининг олдини олиш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратиш соҳасида ўз халқаро мажбуриятларини бажаришни ташкил этиш тизимини такомиллаштириш бўйича босқичма-босқич чора-тадбирларни амалга ошириб бормоқда.
Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг хорижий экспертлар томонидан жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган, қамоққа олинган, шунингдек, маъмурий қамоқ жазосини ўтаётган шахслар ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини ташкилий-ҳуқуқий таъминлаш бўйича комплекс норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга замин яратган “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони аҳамияти алоҳида қайд этилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон ўз халқаро мажбуриятларини бажариш доирасида БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасига бешта маъруза тақдим этди. 2019 йил ноябрь ойида Ўзбекистон Республикаси делегацияси БМТ қўмитасининг қийноқларга қарши 68-сессияси ишида иштирок этди. Унда БМТнинг Қийноқларга қарши Конвенцияси қоидаларини бажариш бўйича Ўзбекистоннинг бешинчи даврий маърузаси кўриб чиқилиб, қўмитанинг яқуний хулосаси ва тавсиялар берилди.
Шу билан биргаликда, БМТнинг Миллий превентив механизмни ривожлантиришга оид халқаро ҳужжатларининг хорижий мамлакатлар амалиётидаги ижросининг ташкилий-ҳуқуқий жиҳатларини умумлаштириш ва иштирокчи давлатларнинг ваколатли идоралари томонидан қийноқларга солиш ҳамда муомалада бўлиш ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларининг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни назарда тутувчи миллий превентив механизм вазифасини амалга ошириш тизимини такомиллаштириш муҳимлиги қайд этилди.
Шунингдек, семинар давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия доирасида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатлаш, қийноқларнинг олдини олиш соҳасида қонунчилик ижросини таъминлаш бўйича таъсирчан парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини фаол амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар мажмуини бажарилаётгани таъкидланди.
Семинар иштирокчилари, хусусан, халқаро экспертлар томонидан процессуал қонунчиликни бузган тақдирда, шу жумладан, қийноқлар ёки психологик ва жисмоний босимни қўллаш орқали олинган далиллардан фойдаланишни тақиқлаш, далилларни сохталаштирганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш, “Хабеас корпус” институтини қўллаш кўламини кенгайтириш, тергов устидан суд назоратини кучайтириш, қийноқлар олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм яратиш, гендер тенглиги ва аёлларга нисбатан зўравонликка қарши қонунларни қабул қилингани ижобий баҳоланди.
Тадбир давомида халқаро экспертлар Ўзбекистон томони билан амалий ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканини билдирди. Хусусан, хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда қийноқларнинг олдини олиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фаолиятини такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этади.