Президент мактабларида фарзандини ўқитиш аксарият ота-оналарнинг орзусидир.
Шу кунларда мамлакатимизда Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактабларга имтиҳонлар қизғин кечмоқда.
Мазкур имтиҳонлар “Ўзэкспомарказ” мажмуасида бўлиб ўтмоқда. Айтиш жоизки, имтиҳонлар белгиланган талаб ва қоидаларга қатъий риоя этган ҳолда, тартибли ўтказилмоқда.
Павильонларда болаларнинг тест синовларини бемалол ишлаши учун зарур барча шароит ва имкониятлар яратилган. Имтиҳон ўтказилаётган бинолар тегишли тарзда кузатув камералари, зарур техник жиҳозлар, аудитория мутасаддилари, кузатувчи-педагоглар билан таъминланган.
Айтиш керакки, 2022 йил 14 апрелда давлатимиз раҳбарининг “Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинган эди. Ушбу ҳужжат ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этишга ягона ёндашувни шакллантириш, ушбу мактаблар тармоғини кенгайтириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, таълимга малакали раҳбар ва педагог кадрларни жалб қилиш, иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш, ўқитиш ва тарбиялаш тизимини такомиллаштиришдек мақсадларни кўзлаши билан аҳамиятлидир.
Янги ташкил этилган ихтисослаштирилган мактабларга 2022/2023 ўқув йили учун ҳужжатлар қабули 1 июндан 30 июнгача онлайн шаклда ariza.piima.uz сайти орқали амалга оширилди. Жорий йилда умумтаълим мактаблари ўқувчиларидан янги ташкил этилаётган ихтисослаштирилган мактабларда ўқиш учун қарийб 300 мингга яқин ариза келиб тушган. Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган 65 минг нафардан кўпроқ ўқувчи ихтисослаштирилган мактабларда ўқиш имконини қўлга киритади.
Н.Усмонова, ЎзА