Ёшлик – янгиликка интилиш, орзу-умидлар, дадил мақсадлар сари олға қадам ташлаш даври. Бу даврда инсон янгиликлар қилишга, ижоду изланишга мойил бўлади.
Президент, ижод, ихтисослаштирилган, давлат ва нодавлат умумтаълим мактабларининг 5-11-синф ўқувчилари ўртасида ташкил этилган “Ихтирочиликка қадам” танловининг республика босқичида бу жиҳатлар яна бир карра ўзининг ёрқин ифодасини топди.

Кимдир иқтисодиёт, биров экология, яна кимдир тоғ-кон саноатига оид ўзининг илк лойиҳаларини танловга тақдим этди. Гарчи бу изланишлар мукаммалликдан анча йироқ бўлса-да, улар ўқувчи-ёшларни фикрлашга, ўз устида ишлашга, изланишга ундагани эътиборга моликдир.
Пойтахтимизда мазкур республика танловининг ёпилиш ҳамда ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбир Тошкент шаҳридаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабида ўтказилди.
Танловда энг яхши деб топилган 10 та лойиҳа иши муаллифларига Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалиётга татбиқ этиш учун махсус ваучерлар тақдим этилди.

Шунингдек, танловда ғолибликни қўлга киритган 1-, 2-, 3-ўрин эгаларига Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги томонидан қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.
Н.Усмонова, ЎзА