IV «Соҳибқирон кубоги» ҳамюртларимиз пешқадам
Пойтахтимиздаги Халқаро шахмат академиясида соврин жамғармаси 20 минг АҚШ доллари бўлган IV «Соҳибқирон кубоги» халқаро турнирида 8-тур баҳслари якунланди.
Турнирнинг «А» гуруҳида ҳамюртимиз Абдумалик Абдусалимов ўтган 8 тур натижасига кўра 7 очко тўплаб, жадвалда ҳамон пешқадамлик қилмоқда. Украиналик Александр Моисеенко эса 6,5 очко жамғариб иккинчи ўриндан жой олган. Шунингдек, ушбу гуруҳда Виталий Бернадский (Украина), Сергей Тивиаков (Нидерландия) ва Жамсаран Сыдыпов (нейтрал шахматчи) 6 очко билан совринли ўринлар учун курашни давом эттирмоқда.
«B» гуруҳида эса Зиёдулла Сайфуллаев (Ўзбекистон) 7 очко билан биринчи поғонадаги ўрнини янада мустаҳкамлаб олди. Лазизбек Шавкатов, Темур Шавкатов, Алишер Умурзоқов, Шаҳзодбек Ҳамзаев бир хил 6,5 очко жамғариб, сўнгги тур олдидан мусобақада шоҳсупага кўтарилиш имкониятини сақлаб қолди.
Бугун, 4 июнь куни IV «Соҳибқирон кубоги» халқаро турнирининг сўнгги 9-тури бўлиб ўтади ва мусобақа ғолиб ҳамда совриндорлари аниқланади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА