Италияда Этна вулқони қайта уйғонди
Хабарда Сицилиянинг шарқий қисмида Этна вулқони уйғонганини Италия геофизика ва вулқоншунослик миллий институти (Ingv) мутахассислари қайд этишгани айтилмоқда.
Олимларнинг берган маълумотига кўра, вулқон фаолиги маҳаллий вақт билан соат 16:10 да кучайган ва лавалар фаввораси ҳамда вулқон кулларининг осмонга отилиши кузатилган. Осмонда бир километрлик улкан булут ҳосил бўлган.
Этна этагида жойлашган қишлоқларга “тош ёмғири" маълум миқдорда моддий зарар келтиргани айтилмоқда, бироқ одамларнинг қурбон бўлгани ёки жароҳат олгани ҳақида маълумот берилмади.
“Вулқон ўчоғидан отилган айрим тошлар ҳатто Катания вилояти марказига ҳам етиб борди, дейди гувоҳлар.
Этнанинг уйғониши шунингдек, ушбу ҳудуддаги ҳаво йўлининг ёпилишига ҳамда Катания халқаро аэропорти фаолиятини тўхтатиб қўйишга сабаб бўлган.
Этна – Европадаги энг баланд ҳаракатдаги вулқон ҳисобланади. 2013 йил июнь ойида ЮНЕСКО уни Бутунжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритган эди. 2017 йил март ойида вулқоннинг навбатдаги фаоллашуви оқибатида Сицилияда ўн киши жароҳат олганди.