Италия элчиси билан учрашув
Томонлар турли даражадаги бўлажак қўшма тадбирларни ўтказиш вақти бўйича фикр алмашдилар.
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Италия Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Агостино Пиннани қабул қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилган.
Ишонч ёрлиқлари нусхасини қабул қилар экан, вазир элчининг мазкур лавозимга тайинлангани билан табриклади ва унга самарали фаолиятида муваффақият тилади.
Суҳбат чоғида икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар турли даражадаги бўлажак қўшма тадбирларни ўтказиш вақти бўйича фикр алмашдилар.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон томони Италия билан савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу нуқтаи назардан, томонлар аниқ лойиҳаларни, шунингдек, ушбу йўналишда аввал эришилган устувор вазифалар, хусусан, 2019 йил май ойида Римда бўлиб ўтган Ҳукуматлараро ишчи гуруҳнинг 6-йиғилиши доирасидаги келишувларни амалга оширишдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.
Қайд этилганидек, жорий йил 25 август куни очилиш маросими бўлиб ўтиши режалаштирилган Термиз шаҳридаги «Венето» савдо уйи, шубҳасиз, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Учрашувда маданий-гуманитар соҳадаги алоқаларни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Музокараларда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.