IT соҳасида тузилган шартномалар нафақат ҳуқуқий асос яратади, балки бизнес жараёнларини самарали ташкил қилиш, ишончни ошириш ва юқори сифатдаги натижага эришишда муҳим роль ўйнайди.
Шунингдек, лойиҳа шериклари билан самарали ҳамкорликни таъминлайди. Шу орқали ресурслар ва вазифалар аниқ тақсимланади.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг Водилдаги Қабуллар уйида Хитойнинг Пекин шаҳридаги Шуни райони расмийлари ва ишбилармон доира вакилларидан иборат делегация билан учрашуви ҳам технологик шерикликни мустаҳкамловчи тадбирга айланди.

Учрашув чоғида томонлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, иқтисодий, саноат, инвестициявий ва ахборот технологиялари соҳаларидаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Унда Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари янада мустаҳкамланиб, янги босқичга кўтарилганлиги қайд этилди. Ҳудудлараро алоқалар янада фаоллашаётгани, биргаликда кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Шунингдек, Фарғона вилоятининг иқтисодий-инвестицион салоҳияти, ҳудудларда яратилаётган шароитлар ҳақида маълумот берилди.
Ўз навбатида, Фарғона вилояти ҳамда Шуни райони билан кўплаб соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича таклифлар билдирилди. Хусусан, автомобилсозлик, электротехника, саноат, IT туризм каби йўналишлардаги имкониятлар икки ҳудудни боғлаш ҳамда cалоҳиятли компанияларни жалб этган ҳолда инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишда муҳим омил бўлиши таъкидланди.

Вилоят раҳбари барча таклифларни қўллаб-қувватлашини, илғор тажриба ҳамда технологиялар, лойиҳалар икки ҳудуд ҳамкорлигида катта самара беришини айтиб ўтди.
Учрашувда билдирилган таклифлар асосида “йўл харитаси” ишлаб чиқиш, икки ҳудуднинг ишчи гуруҳларини тузиш ҳамда ҳамкорликни кенгайтириш борасида чора-тадбирлар белгиланди.
Шунингдек, учрашув якунида Шуни райони Мапо шаҳарчаси халқ ҳукумати билан вилоятдаги IT Park резиденти “Innotech Solutions” MChJ томонидан ишлаб чиқилган дастурий маҳсулотдан фойдаланиш борасида 20 млн долларлик шартномалар имзоланди.
Н. Раҳмонова, ЎзА