IT соҳасига хотин-қизлар жалб этилмоқда
Мамлакатимизда IT соҳасини ривожлантириш, соҳа учун малакали мутахассислар тайёрлаш, хусусан, Президентимизнинг яқин йиллар ичида Ўзбекистонда бир миллионта дастурчи тайёрлаш борасидаги топшириқ ва таклифлари асосида Андижон вилоятида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, мазкур соҳага хотин-қизларни кенгроқ жалб этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
–Бу борада аёл-қизларни рақамли таълимга йўналтириш, уларни замонавий касбларга тайёрлаш, стартап лойиҳаларни яратиш ҳамда масофадан туриб даромад топиш имкониятларини яратиш мақсадида Андижон вилоятда “пилот” тариқасида “Digital girls” лойиҳаси амалга оширилмоқда, – дейди Рақамли технологиялар вазирлиги Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Зиёдулло Саматов. – Лойиҳада кўплаб опа-сингилларимиз фаол иштирок этмоқда.
[gallery-14940]
Лойиҳанинг биринчи босқичида 600 нафар талабгор ичидан танлов асосида 100 нафар аёл-қиз лойиҳа дастурига қамраб олинди. Улар 5 та йўналиш – СММ асослари, график дизайн, 3Д дизайни, дастурлаш ва БПО-логистика бўйича Андижон IT паркида ташкил этилган махсус курсда таҳсил олди. Амалий курслар давомида муайян билим ва кўникмаларга эга бўлишди. Бугунги кунда уларнинг барчаси юқори маош тўланадиган ишлар билан таъминланди.
Лойиҳа доирасидаги иккинчи босқичда яна 100 нафар аёл-қиз белгиланган дастур асосида ўқитилмоқда. Умуман, жорий йил давомида мазкур лойиҳа доирасида 200 нафар аёл-қизни ўқитиш режалаштирилган.
Лойиҳани амалга ошириш учун Германиянинг GIZ халқаро ташкилоти томонидан 50 та замонавий компьютер ажратилган. Лойиҳа доирасидаги ишлар давом этмоқда.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари