Истиқлол юксак мақсадлар сари етаклайди
Ватан учун, миллат учун, халқ учун!
Истиқлол – миллатнинг юраги, давлатнинг ғурури, ҳар бир фуқаро эркин ҳаётининг бош манбаи ҳисобланади. Ўзбекистон 1991 йил мустақилликка эришиши нафақат сиёсий воқеа, балки тарихий бурилиш нуқтаси, бутун халқ тақдирида янги давр бошланишидир.
Бугун халқимиз ўз истиқболини ўзи белгилайди, давлатимиз кун сайин дунё майдонида муносиб ўрин эгалламоқда. Айниқса, фарзандларимизга чексиз имкониятлар яратилмоқда. Умуман, ёшларимиз учун яратилаётган шарт-шароитлар, билим олиш, юксак технология ва дунё тажрибасини ўзлаштириш имконияти ҳам истиқлолнинг асл самарасидир.
Маълумки, юрт қадрини ватандан олисда юрганлар теран ҳис қилади. Шу боис, энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида хорижий ўлкаларда ўқиётган юртдошларимизнинг Истиқлол ҳақидаги фикри билан қизиқдик.
Моҳинур Маннонова, АҚШ Аризона университети талабаси:

– Мен Истиқлол моҳиятини нафақат тарих нуқтаи назаридан, балки шахсий ҳаётимда ҳам чуқур ҳис қиламан.
Диёримиз 1991 йил мустақилликка эришгач, Ўзбекистон ёшлари учун улкан имкониятлар эшиги очилди, десам муболаға бўлмайди. Таъкидлаш жоиз, инсон учун Мустақиллик – аввало ўз йўли, келажагини танлаш имконияти. Бугун мен тенги ёшлар дунё бўйлаб билим олиб, илғор тажриба ўрганиб, сўнгра Ватанга қайтиб хизмат қилиш имконига эга. Бу айнан Истиқлол шарофати, албатта.
Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси доирасида хорижда таҳсил олаётган ўзбек талабаларига яратилаётган шарт-шароитлар, ҳукумат томонидан билдирилаётган ишонч, алоҳида қўллаб-қувватлов – буларнинг бари давлатимиз раҳбарининг ёшларга нисбатан юксак эътиборини ифодалайди. Нокамтарликка йўйманг-у, мен ушбу имкониятни муносиб баҳолаб, юртим равнақи учун ҳисса қўшишни фуқаролик бурчим, деб биламан.
Яна бир гап: ҳозирги кунда ўлкамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар – таълим соҳасидаги янгича модел, стартап ва инновацион лойиҳаларга берилаётган грантлар, ёшлар форумлари ва халқаро танловларда қатнашиш имконияти – биз, ёш авлод келажаги учун яратилган мустаҳкам пойдевор.
Ишонаманки, ҳар бир ўзбек фарзанди ўз устида ишлаб, берилган имкониятлардан оқилона фойдаланса, ўлкамиз жаҳон миқёсида ўзининг асл ўрнини топиб, илғор давлатлар қаторига кириши аниқ.
Мустақиллик – ифтихоримиз! Бу неъмат қадрини англаш ва асраб-авайлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз.
Ферузбек Саидов, Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод марказий университети аспиранти:

– Жонажон Ватанимиз мустақилликка эришгандан буён ўтган ҳар бир йилни халқимиз учун буюк тарихий тажриба, тараққиёт сари қўйилган дадил қадам, дея баҳолаш мумкин. Бу жараёнда ёш авлодга берилаётган юксак эътибор алоҳида ўрин эгаллайди.
Истиқлол – нафақат сиёсий ва иқтисодий эркинлик, балки мустақил фикрлаш, ўрганиш ва мавжуд салоҳиятни юзага чиқариш ҳам демакдир. Айниқса, биз, ёшлар учун диёримизда яратилаётган шароитлар, хорижий олий таълим муассасаларида билим олиш, халқаро лойиҳаларда иштирок этиш, илмий изланиш олиб бориш имконияти – буларнинг бари мустақиллик самараси.
Ҳозир мен таҳсилни Ҳиндистонда, аспирантура босқичида давом эттиряпман. Халқаро академик муҳитда тажриба орттираётганим – тенгқур ҳамюртларимга берилган беқиёс имкониятлар ҳосиласидир. Шу боис илмий изланиш орқали Ватаним нуфузини халқаро майдонда янада юксалтириш – эзгу мақсадим.
Умуман, Ўзбекистонда таълим, ёшлар сиёсати, инновация ва тадбиркорлик соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар келажакка ишонч гарови. Зеро, бугунги кунда давлат томонидан ёшларга тақдим этилаётган стипендия, грант, таълим дастурлари шаклидаги моддий ва маънавий қўллаб-қувватлов ҳар бир ёш ўз орзусини рўёбга чиқариши учун самарали восита бўлиб хизмат қилади.
Шунинг учун ҳар бир тенгдошимиз мустақиллик неъматининг қадрига етиб, билимли, ватанпарвар ва фидоий инсон сифатида шаклланиши, ота-онаси, жамияти ва юрти олдидаги масъулиятни теран англаши лозим.
Истиқлол – бизга берилган имконият. Ватан келажагини яратиш эса айнан биз, ёшлар зиммасида.
ЎзА мухбири Ўткир Алимов ёзиб олди.