Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 32 йиллигига бағишлаб “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида ўтказилаётган байрам тадбирлари юқори савияда давом этмоқда.
Вилоятнинг асосий байрам шодиёнаси Термиз шаҳридаги Санъат саройи амфитеатрида бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов воҳа аҳли ва меҳмонларини буюк аждодларимиз ва жафокаш халқимизнинг асрий орзуларини рўёбга чиқарган истиқлол байрами билан табриклади. Вилоятда юз бераётган улкан ўзгариш ва янгиланишлар ҳақида атрофлича сўз юритилиб, эришилаётган ютуқлар инсон қадрини улуғлашга, кўп миллатли халқимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига хизмат қилаётгани қайд этилди.
Мустақиллик шарофати билан Сурхондарё вилояти ижтимоий-иқтисодий ривожланиб, мамлакатимизнинг жанубдаги энг обод, тўкин ва янги қиёфада бўй чўзаётган ҳудудига айланмоқда. Айниқса, кейинги йилларда инсон манфаатларини таъминлашга қаратилаётган ислоҳотлар энг чекка ва олис ҳудудларда ҳам одамларнинг турмуш даражасини юксалтириб, тинч, фаровон, тўкин ҳаёт кечиришида муҳим омил бўлаётир.
Мамлакатимизда аграр вилоят сифатида танилган Сурхон воҳаси сўнгги йилларда юксалишнинг янги босқичига қадам ташлаб, замонавий саноати ривожланган ҳудудга айланаётир. Жумладан, 2017 йилгача вилоятда етиштирилган пахта хом ашёсининг атиги 11 фоизи маҳаллий шароитда қайта ишланган бўлса, эндиликда 100 фоиз тола ҳудуднинг ўзида қайта ишланяпти Бу ўзгариш енгил саноат маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажмини 2017 йилга нисбатан кескин ўзгартирди. Янги қувватларни ташкил этиш ҳисобига қўшимча солиқ тушуми манбаи яратилмоқда. Экспорт ҳажмини йил сайин оширмоқда. Шунингдек, саноатнинг бошқа тармоқлари ҳамда қурилиш, хизматлар кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳаларида ҳам оламшумул ютуқларга эришилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 18,7 триллион сўмга етиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 105 фоизга ошди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 4 триллион сўмни, хизматлар ҳажми 7,1 триллион, қурилиш ишлари ҳажми 3,7 триллион, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 12,5 триллион сўмни ташкил этди.
Жорий йилнинг етти ойида бюджет даромади 1 триллион 552 миллиард сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 153 миллиард сўм ёки 110,9 фоиз ўсишга эришилди.
Мамлакатимизда маҳаллабай ишлаш орқали камбағалликни қисқартиришга қаратилган комплекс чора–тадбирлар кейинги йилларда мустақиллик инъом этган буюк неъмат бўлди. Давлатимиз раҳбарининг бевосита ғояси билан илгари сурилган бу ташаббус Сурхондарё вилоятида ҳам ўз самараларини бераётир. Ишсизликни камайтиришга, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаб, уларнинг турмуш даражасини оширишга хизмат қилмоқда. Хусусан, йилнинг ўтган даврида ҳоким ёрдамчилари тавсияномалари асосида оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 22 минг 255 та лойиҳага 516,7 миллиард сўмлик кредит ажратилди. Меҳнат қуроллари ва асбоб-ускуналар билан таъминлаб, тадбиркорликка жалб этиш учун 2 минг 748 нафар эҳтиёжманд кишига 11,7 миллиард сўм субсидия берилди. Электрон танлов асосида 5,5 минг гектар ер майдони деҳқончилик қилиб, даромад манбаини яратиш учун кам таъминланган оилаларга ажратилди.
Жорий йил воҳада қиймати 347 миллиард сўмлик 1,5 мингдан ортиқ микролойиҳани шакллантириш, 4 мингдан зиёд янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Йилнинг ўтган даврида уларнинг 554 таси ишга туширилиб, 1 минг 364 та янги иш ўрни барпо этилди. Етти ойда воҳада 276,5 минг иш ўрни яратилди. Дастурлар доирасида 10 минг 431 кишига кўрсатилган турли ёрдамлар ҳисобига камбағалликдан чиқарилди.
[gallery-13366]
Вилоятда кексалар, хотин-қизлар ва ёшларга қаратилаётган эътибор, инвестиция дастурларининг бажарилиши, тайёр маҳсулотларни экспорт қилиш, “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури доирасида олиб борилаётган ишлар, турли ижтимоий соҳа обьектлари ва уй-жойлар қуриш, туризм, хизматлар кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда ҳам салмоқли ютуқларга эришилмоқда. Буларнинг барчаси одамларнинг ҳаёт даражасини ошириб, истиқлол имкониятларига ишонч, Янги Ўзбекистонга муҳаббат ва юрт тараққиётига дахлдорлик туйғусини юксалтирмоқда.
Жанубдаги воҳанинг асосий байрам шодиёнаси мамлакатимиз пойтахти ва вилоят санъат усталарининг қизиқарли концерт дастури билан якунланди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири