Жонажон Ўзбекистонимиз давлат мустақиллигини қўлга киритганига ва ўз тараққиёт йўлига ўтганига 34 йил тўлди. Бу дориломон кунлар не-не жадид боболаримизнинг асрий орзуси эди. Инсон бахтли бўлиши учун эркин бўлиши керак. Демак, биз энг аввало, Истиқлолнинг мазмун-моҳиятини англаб олишимиз ва ёш авлодга унинг аҳамиятини етказишимиз зарур бўлади.
Қайд этиш жоиз, мамлакатимизда мустақиллик ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий соҳаларда туб ислоҳотларни амалга ошириш имконини яратди. Истиқлол туфайли мулкка эгалик ва унинг ҳуқуқий асослари шакллантирилди. Халқимизнинг азалий ҳаёт тарзидан чуқур ўрин олган урф-одатлари ва анъаналари Истиқлол туфайли қайта жонланди.
Маънавий меросимизнинг дурдоналари она тилимизда нашр этила бошланди. Буюк тарихимиз қайта тикланиб, улуғ аждодларимиз қолдирган бой ва бебаҳо мерос нафақат халқимиз, балки ўзга миллатлар томонидан ҳам кенг ўрганилмоқда.
Мамлакатни модернизация қилиш, бу жараёнда парламент ва сиёсий партияларнинг ролини, жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли демократик ислоҳотлар жадал амалга оширилди. Давлатимиз раҳбари томонидан демократиянинг асосий талаби бўлган инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, сўз ва виждон эркинлигини таъминлашга алоҳида эътибор берилмоқда.
Биламизки, инсон Ватан туйғуси билан яшаши, ўзи туғилиб ўсган она юртини севиши ва ардоқлаши, юр тараққиётига ўз ҳиссасини қўша олиши энг олий туйғу ҳисобланади. Президентимиз ташаббуси билан ихтисослаштирилган ва ижод мактаблари орқали Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби бобокалонларимизнинг давомчиларини тарбиялай бошладик.
Минг шукрки, биз Истиқлол туфайли ўзлигимизни англадик, озод халқ, мустақил давлат сифатида Ўзбекистоннинг бор бўй-бастини, улкан салоҳиятини бутун дунёга намоён қилмоқдамиз.
Буларнинг барчаси “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” деган эзгу даъват асосида амалга оширилмоқда. Республикамиз мустақиллигининг 34 йиллигини кенг нишонлаш жонажон Ватанимизда инсон қадр-қиммати, шаъни ва ғурурининг нечоғлик устун қўйилганлигидан, юртимиз тинчлик ва барқарорликка эришилганлигидан, давлатимиз сарҳадларининг дахлсизлиги таъминланганлигидан ҳамда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликнинг мустаҳкамланганлигидан дарак беришини унутмаслигимиз даркор.
Ватан, миллат ва халқ тушунчалари одамзод учун энг олий қадрият. Ушбу уч тушунча инсоннинг маънавий-ахлоқий мезони, фидойилик тамсили ва фаол фуқаролик позициясини белгилайди. Улар алоҳида қаралса ҳам, бир-бирига узвий боғланган ягона уйғунлик — уч бирлик сифатида жамият тараққиёти, миллий ўзлик ва давлат барқарорлигининг асосий таянчи бўлиб хизмат қилади.
Ватан – борлиқ, у табиат ва жамиятнинг узвий бирлиги билан боғлиқ бўлса, миллат – бойлик, у тили, қадриятлари, урф-одат, анъаналари билан ўзлигини сақлай олиш, халқ эса – борлик, яъни, мавжудлик мезони муштарак мақсадлар билан истиқбол сари интилувчи куч. Ватан обод бўлса буюк миллат юксалади ва халқ деган қудрат мустаҳкамланади.
Мансур Юнус,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, филология фанлари доктори.
ЎзА