Истиқболли лойиҳалар самаралари
Бухоро вилоятида тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, инвестиция дастурлари доирасида хорижий молия институтлари маблағлари ҳисобидан бир қатор лойиҳалар иш бошлаётир.
Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б. Валиев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар ўрганилди. Хусусан, “Ўзсувтаъминот” АЖ масъуллигида ва Осиё инфратузилма инвестициялар банки иштирокида амалга оширилаётган “Бухоро вилоятининг ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимларини ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида бажарилган ишлар масъуллар иштирокида таҳлил қилинди.

Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 385,1 миллион долларни ташкил қилиб, лойиҳа доирасида 1 та ичимлик суви ва 5 та оқова сув тозалаш иншоотлари, 3 та сув миноралари, 43 та сув тарқатиш иншоотлари, 2 192,7 километр ичимлик ва 614,9 километр оқова сув тармоқлари ҳамда 67 та насос станцияларини қуриш режалаштирилган.
Лойиҳани амалга оширилиши натижасида вилоятнинг 1 254 минг аҳолисини марказлашган тоза ичимлик суви ва 165 минг аҳолини оқова сув хизматлари билан таъминланиши кўзда тутилган. Ишчи гуруҳи томонидан лойиҳа доирасида Қоровулбозор туманида амалга оширилаётган “Сув таъминоти тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш” пакети бўйича бажарилаётган қурилиш ишлари жойига чиққан ҳолда ўрганилди.

Ўрганиш натижасига кўра, буюртмачи ва пудрат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда бошқа масъулларга қурилиш ишларини тармоқ жадвалида белгиланган муддатларда сифатли амалга ошириш ҳамда объектни ўз вақтида фойдаланишга топшириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилиб, қурилиш ишларининг бориши алоҳида назоратга олинди.
Давлат раҳбари томонидан жорий йилнинг 23 май куни ўтказилган йиғилишда берилган топшириққа мувофиқ, Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б. Валиев, Бухоро вилояти ҳокими Б.Зарипов, Бош прокуратура ишчи гуруҳи, шунингдек, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, “Асакабанк” АЖ, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги масъул ходимлари Бухоро шаҳрида жойлашган “Rusal karmen pharm” МЧЖда фармацевтика соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган ташаббускорларнинг мавжуд муаммоларини ўрганиш ва бартараф этишга бағишланган муҳокама йиғилиши ҳам бўлиб ўтди.

Кун тартибидаги масала юзасидан фармацевтика соҳасида фаолият юритаётган 13 та тадбиркорлар томонидан билдирилган кредит ажратиш, рухсатнома расмийлаштириш, коммуникация тармоқларига уланиш, солиқ ва шу каби бошқа масалаларга доир 10 та муаммолар ҳамда 4 та қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлари кўриб чиқилди.
Тадбирда муаммоли масалалар жойида ҳал этилди. Ўрганиш маълум муддат талаб этиладиган муаммоларни қонуний ҳал этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ижроси алоҳида назоратга олинди. Шунингдек, ишчи гуруҳ “Rusal karmen pharm” МЧЖнинг дори воситалари ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси тақдимоти билан танишди. Лойиҳани тез фурсатларда ишга тушириш, уни амалга оширишда хорижий тажрибадан кенг фойдаланиш ва ушбу жараёнларда муаммоли масалалар юзага келган ҳолларда, тўғридан-тўғри бош прокуратура штабига маълум қилиш борасида тушунтиришлар берилди.

Бундан ташқари, мазкур жамият томонидан аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида ташкил этилган клиника ва ундаги шарт-шароитлар билан жойида танишилиб, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва бошқа масъулларга вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам аҳолига янада сифатли тиббий хизмат кўрсатиш фаолиятини ташкил этиш чораларини кўриш юзасидан тавсиялар берилди.
Бу борадаги ўрганишлар давом этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири