Истиқболли лойиҳалар самаралари
Бухоро шаҳридаги собиқ “Бухоро Қоракўл” заводи мажбуриятини бажара олмагани учун “ноль” қийматда инвестиция киритиш шарти билан 7 та маҳаллий инвесторларга бўлиб берилган. Натижада жорий йилнинг сентябрь ойига қадар 1000 та иш ўрни яратилади. Айни кунда 2 та инвестор лойиҳаларини амалга оширмоқда. Қолган 5 та инвестор сентябргача фаолиятини йўлга қўяди.
Бухоро шаҳридаги "Medium Inter Prof" МЧЖ негизида декоратив эшиклар, турли хилдаги сеткалар ва профил маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси ҳам мана шундай инвесторлардан бири. Айни пайтда корхонада 50 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланган. Корхона бир йилда 10 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга.
–Корхонамиз томонидан 100 хил маҳсулот ишлаб чиқарилади, – дейди корхона раҳбари Раҳимжон Раупов. – Маҳсулотларимиз асосан қурилишда ишлатилади. Айни кунда маҳсулотларимиз маҳаллий бозорда харидоргир.
Корхона цехларида хитойда ишлаб чиқарилган замонавий дастгоҳлар ўрнатилган бўлиб, улар ёрдамида бир кеча-кундузда 300 миллион сўмлик темирчилик маҳсулотлари (темир панжара ва дарвозалар, дераза ромлари, бино ва хоналар учун темир безаклар ва бошқа буюмлар) ва ҳоказолар ишлаб чиқарилмоқда. Маҳоратли темирчи усталар томонидан бу ерда шунингдек буюртмаларга мувофиқ шахсий чизмалар асосида бошқа бир қатор ишларни ҳам бажариш йўлга қўйилган.
[gallery-5891]
“Ewer White Group” МЧЖ корхонаси томонидан Тўқимачилик махсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Тайёр маҳсулот фақат хорижга экспорт қилинади. Собиқ “Бухоро Қоракўл” заводи биносиниг бир қисми умумий қиймати 600 минг АҚШ доллари эквиваленти инвестиция маблағлари киритиш ва 100 та иш ўрни яратиш ҳисобига тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини ташкил этиш учун тўғридан-тўғри “ноль” қийматда ушбу МЧЖ га берилган.
Корхонада 105 киши меҳнат қилаётган бўлса, уларнинг кўпчилиги ҳудудлардаги МФЙ ларнинг “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарлари рўйхатига киритилган 30 ёшгача бўлган хотин-қизлар, ёшлардан иборат. 3 сменада меҳнат қилаётган ходимлар учун иссиқ овқат, кийим-кечак ва бориб келиши учун транспорт йўлга қўйилган.
Трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган ипларнинг сифатли бўлиши ана шу ишчиларнинг тинимсиз меҳнатига, ўз касбига чиндан-да меҳр қўйганига кўп жиҳатдан боғлиқ. Буни меҳнат жамоасининг ҳар битта аъзоси тўлиқ тушуниб етган. Шу боис, ишлаб чиқаришдаги пировард натижалар ҳам салмоқли бўлмоқда. Хом ашёнинг корхонага хитойдан ўз вақтида етказиб берилаётганлиги ҳар ойда 700 минг АҚШ доллари миқдорида маҳсулот ишлаб чиқариш ва Туркия давлатига жўнатишда муҳим аҳамият касб этмоқда. 2025 йилга бориб корхона иш жараёнини тўла кластер асосида ташкил этиш режалаштирилган. Ҳозирча эса бу ердаги бўяш, пардозлаш ва ўров цехларида иш қизғин. Фидокорона меҳнат туфайли корхона бўйича ҳар ойда 140 тонна сифатли ип ишлаб чиқарилмоқда. Бу эса буюртмачилар талаб эҳтиёжини тўла қондирмоқда.
Айни кунда корхона дунёнинг 7 та жумладан, Туркия, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Польша каби давлатларига маҳсулот экспортини амалга оширмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА