Истибдод қурбони бўлган истеъдод эгаси...
Бутун умрини зиё тарқатиш, маърифатчилик ишига бағишлаган Саъидризо Ализодага мустақиллик йилларида барча жадид зиёлилари қатори муносиб ҳурмат кўрсатилди.
У яшаган уй музейга айлантирилди ва ҳаёт йўлини очиб берувчи кўргазмалар ҳамда илмий мероси билан бойитилди. Жадидчилик ҳаракатининг ёрқин вакилларидан бўлмиш Саъидризо Ализода 1887 йил 15 февралда Самарқанд шаҳрининг Боғишамол гузарида ипакчи-гиламчи савдогар Мирмуҳсин оиласида туғилган.
Мактаб ёшига етгач, отаси Саъидризони ўзлари яшаб турган гузарда муҳожирликда яшаган озарбайжонлик аллома Шайх Абулқосим асос солган янги усул мактабига беради. Қисқа вақт ичида мактабни аъло баҳоларда тамомлаган Саъидризони Шайх Абулқосим мактабда муаллимлик қилиш учун олиб қолади.
Сўнг Самарқанд шаҳридаги Демуров номидаги босмахонада ҳарф терувчи, рус ва ўзбек тилида чиқадиган «Самарқанд» журналида мусаҳҳиҳ бўлиб ишлаган. Шу тариқа рус тилини яхши ўрганган, рус адабиёти билан ҳам яқиндан танишган. Саъидризо Ализода 1914 йилда Маҳмудхўжа Беҳбудий билан ҳамкорликда «Самарқанд» газетаси, кейинчалик «Ойина» журналини ташкил этади ва уларнинг саҳифаларида Самарқанддаги мактаб ва мадрасалардаги эскича ўқитиш тизимини кескин танқид қилиб, таълим тизимини ислоҳ қилиш бўйича мақолалар эълон қилиб борган. Шунингдек, газета ва журнал саҳифаларида Афғонистонда чиқадиган «Сирож-ул ахбор» газетасида машҳур сиёсий арбоб, таниқли адиб Маҳмуд Тарзий томонидан ёзилган афғон янги усул мактабларидаги муаммоларга бағишланган мақолаларини кўрсатиш орқали Самарқанд жадид мактабларидаги дарсликларнинг етишмаслиги, имтиҳон олиш жараёнидаги чопон кийдириш каби камчиликларни танқид қилган. Уларни бартараф этиш бўйича таклиф ва тавсиялар берган. «Самарқанд» газетаси ва «Ойина» журналининг «Телеграф хабарлар» саҳифасини ўз ҳисобидан чиқартирган. 1917 йилдан «Ҳуррият» газетасида таржимон ва мухбир бўлиб ишлаган.
1919 йили Туркистон ҳукумати ҳузурида республикадаги тожиклар, эронликлар ва афғонларни бирлаштирган форс бўлими ташкил этилгач, Саъидризо Ализода бу бўлимга бошлиқ этиб тайинланган. Бўлим ҳафталик «Шарқ машъали» журналга асос солган ва 1919 йил 7 мартда Саъидризо Ализода ушбу журналга муҳаррир этиб тайинланган. 4000 нусхада чоп этилган журнал Туркистон, Кавказ ортидан ташқари, Афғонистон, Эрон, Туркия, Ҳиндистон ва қатор араб мамлакатларида тарқалган эди. Журнал саҳифаларида Саъидризо Ализоданинг ўлка аҳлининг эркин ҳаётга ташна орзу-умидлари ўз ифодасини топган мақола ва шеърлари эълон қилиб борилган.
У 1922 йилдан бошлаб «Зарафшон» газетасида бўлим мудири бўлиб ишлаган. Муҳаррирлик қилиш билан бир пайтда, «Туркистон хабарлари», «Камбағаллар ўқи», «Ҳуррият», «Меҳнаткашлар товуши», «Бухорои шариф», «Турон», «Самарқанд овози» газеталари, «Машраб», «Мулла Мушфиқий» журналларида мақолалар чиқариб турган. Танқидий мақолалари ва фельетонларини Баҳлул, Замбур, Ранжбар, Боғишамолий, Шапалоқ, С.А. каби тахаллуслари билан бериб борган.
Самарқандда тожик тилида таълим берувчи мактаб очиб, камбағал оилаларнинг фарзандларига таълим берган Саъидризо Ализода ўқувчилар учун «Сарфи араб», «Туркий алифбо», «Тарих», «Жуғрофия», «Риёзиёт», «Ҳандаса», «Табиат», «Дин вожиблари», «Низомнома», «Бадан тарбияси», «Илми фазо» сингари ўн битта дарслик ёзгани маълум. Бу дарсликлар бошланғич синфлар учун тайёрланган бўлиб, ўқувчилар улар орқали савод чиқаришдан тортиб, аниқ ва табиий фанлар бўйича етарлича билим ҳамда кўникмаларга эга бўлганлар. Саъидризо Ализода ўзбек мактаблари учун «Биринчи йил» алифбосини ёзиб, Самарқанддаги янги усул мактабларига бепул тарқатганини алоҳида урғулаган бўлардик. Мактабчилик ва дарсликлар ёзишдан ташқари шаҳарда яшовчи руслар учун кечки курслар ташкил этган ҳамда уларга ўзбек ва тожик тилларини ўргатган.
Саъидризо Ализоданинг озарбайжонлик мутафаккир Абдулла Шойиқ билан биргаликда яратган «Янги озарбайжон алифбоси» Озарбайжон мактаблари учун дарслик қимматли сифатида фойдаланилганига ҳам урғу бериш лозим.
Маърифатчи жадид луғат тузиш ишлари билан шуғулланган ҳамда 1933-1934 йилларда 61 000 сўздан иборат икки жилдлик русча-тожикча луғатини нашр эттирган бўлиб, унда кўплаб касбий ва ижодий атамалар, уй-рўзғор буюмлари номлари, илмий ва адабий номлар ўрин олган.
Саъидризо Ализоданинг янгича қараш ва интилишлари, энг муҳими, бу борадаги аниқ-тиниқ ишлари юртдан ташқарида ҳам довруқ топгани яхши маълум. Унинг набираси Фарҳод Ализоданинг айтишича, мутафаккир Афғонистон ҳукмдори Омонуллахон (1892 – 1960) фармони билан форс тилида тарих ва ислом динига оид «Асри саодат», «Муросилот-мактубот», «Одоби икром», «Тарихи ислом», «Тарихи Туркистон», «Қонуниятҳойи диний», «Маданияти ислом», «Зарурати ислом», «Фан дар борайи коинот» китобларни ёзган ва улар 1923-1933 йилларда Покистоннинг Лоҳур шаҳрида нашр этилган.
Саъидризо Ализода таржимонлик соҳасида ҳам самарали меҳнат қилган зиёлилардан саналади. У Эрон ва Афғонистондан Туркистонга келган зиёлилар билан самарали ҳамкорлик қилган. 1933-1937 йилларда Самарқанд давлат университетида араб ва форс тилларидан дарс берган, бутун умрини миллат ва юрт рўшнолиги, янгича қараш ва билимларга эга авлод тарбияси учун бағишлаган ўзбекнинг улуғини мустамлакачилар кўздан қочиришлари мумкин эмасди. Улар Саъидризо Ализодани 1937 йили Самарқанд давлат университетида ёшларга дарс бериб турган хонанинг ўзидаёқ қўлга олганлар. Ўз одатларига кўра, уни жосусликда айблаб, қамоқ жазосига ҳукм қиладилар. Олдинига Самарқанд, сўнгра Тошкентда, кейинроқ Тоболск ва Владимирда 8 йил қийноқлар остида тутқинлик азобини тортган Саъидризо Ализода 1945 йил 24 декабрда Владимир қамоқхонасида сил касалидан вафот этади. 1987 йили набираси Фарҳод Ализоданинг саъй-ҳаракати билан марҳумнинг ҳоки Владимирдан ўз юртига олиб келинган ҳамда Самарқанддаги Панжоб қабристонида дафн этилган.
Самарқанд шаҳри кўчаларидан бирига ва шаҳардаги 14-мактабга Саъидризо Ализода номи берилди.