Истиқболли лойиҳалар самараси
Мамлакатимизда ишлаб чиқариш субъектларига берилаётган имконият ва яратилаётган имтиёзлар ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан тўлдиришга хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда ишлаб чиқариш субъектларига берилаётган имконият ва яратилаётган имтиёзлар ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан тўлдиришга хизмат қилмоқда. Импорт ўрнини босадиган рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, ички тармоқ ва тармоқлараро, корхоналар ўртасида кооперацияни мустаҳкамлаш борасидаги ишлар ўзининг амалий самараларини бераётир.
Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 4 февралдаги 2014-2016 йилларда саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисм ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Фарғона вилоятида ҳам ушбу ҳужжат ижроси юзасидан муайян ишлар амалга оширилаётир. Тармоқ ва тармоқлараро ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда. Техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозланаётган корхоналарда харидоргир, замонавий ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми ортиб, кўплаб янги иш ўринлари яратилаётир. Ўтган йили маҳаллийлаштириш дастури доирасидаги 20 корхонада 43,3 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди, натижада мазкур корхоналарга 2,1 миллиард сўмлик солиқ имтиёзлари қўлланилди.
Фарғона шаҳридаги “Белла пласт”, Қўқон шаҳридаги “Атиргул”, Бувайда туманидаги “Элинур”, Данғара туманидаги “Ника” корхоналарида дастур доирасида амалга оширилган истиқболли лойиҳалар натижасида янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Иқтисодий самарадорлик янада яхшиланиб, имтиёзлардан олинган маблағ замонавий технологияларни татбиқ этишга сарф этилмоқда.
Тошлоқ туманидаги “Ста-пласт” масъулияти чекланган жамияти вилоятда уй-рўзғор буюмлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган етакчи корхоналардан биридир. Бу ерда пластмассадан тайёрланаётган қулай ва сифатли буюмлар уй бекаларининг оғирини енгил қилибгина қолмасдан, мамлакатимиз саноати салоҳиятини намоён этувчи рақобатбардош маҳсулотлар сифатида барча талабларга жавоб беради.
– Иш бошлаганимизда бор-йўғи тўрт-беш турдаги маҳсулот ишлаб чиқарган бўлсак, ҳозир уларнинг тури юздан ошди, – дейди жамият раҳбари Султонбек Собиров. – Маҳсулотларимизга ички ва ташқи бозорда буюртмачилар тобора кўпаймоқда.
Жамиятда ўтган йили тўрт миллиард сўмликдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилди. Қўшимча равишда пластмасса маҳсулотлари учун ишлатиладиган бўёқ маҳсулотлари тайёрлайдиган янги тармоқ ишга туширилди. Натижада яна 60 нафар йигит-қиз доимий иш билан таъминланди.
Тўлиқ маҳаллий хомашё асосида фаолият кўрсатаётган корхонада тайёрланаётган маҳсулотлар экспорти ҳажми йилдан-йилга ортмоқда.
Жорий йилда маҳаллийлаштириш дастурига мувофиқ вилоятда 12 лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда. Бу ички бозорни сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдиришга хизмат қилади.